Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар натижасида йўлларимиз йил сайин равонлашиб бормоқда. Йўлларимизда катта шаҳарларнику қўяверинг, туманлару қишлоқларда ҳам янги-янги автомобиллар кўпаймоқда. Бу яхши, албатта. Узоғимизни яқин қиладиган, оғиримизни енгиллатадиган бу ҳаракат воситаси инсоният ихтиролари орасида энг кўп тарқалганидир. Бироқ ҳар қандай техника мўъжизаси яшаш учун оддий қулайлик воситаси саналар экан, ундан фойдаланишда жорий этилган маълум қонун-қоидаларга риоя этмаслик, кўпгина бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин.
“Фалокат оёқ остида” дейишади. Йўл ҳайдовчидан доимо ҳушёрликни талаб этади. Кундузими, тундами фарқи йўқ. Озгина эҳтиётсизлик катта фожеага олиб келиши мумкин.
Пиёдалар ҳам кўчага чиққанда бевосита йўл ҳаракати иштирокчисига айланади. Шунинг учун улардан атрофдаги воқеа-ҳодисаларга нисбатан эътиборли бўлиш талаб этилади. Йўлни кесиб ўтаётганда ёки унинг қатнов қисмида ҳаракатланаётганда қулоқчин тақиб мусиқа тинглаш, видео томоша қилиш, китоб ўқиш тавсия этилмайди.
Озод Бовамуродов Жомбой тумани, Хитойбола қишлоғида яшайди. Ўтган йилнинг июнь ойидан буён Навоий вилояти, Кармана туманидаги “Чалик Энержи” МЧЖда ҳамқишлоқлари Ў.Мардонов ҳамда Л.Мирзаевлар билан ишчи бўлиб ишлайди.
Ҳамқишлоқлар ҳар ўн беш кунда О.Бовамуродовнинг “Нексия” автомобилида уйларига, Жомбой туманига бориб келишар эди. Жорий йилнинг 16 март куни ҳам ҳамқишлоқлар яна уйларига бориш учун О.Бовамуродовнинг автомашинасида йўлга чиқишади.
Қоронғи тушиб қолгач йўлни кўриш масофаси анча қисқарганлиги туфайли автомобилни бошқариш қийинлашади. О.Бовамуродов ҳам кеч соат 8-30 лар атрофида “Бухоро-Самарқанд” йўналиши бўйича М-37 автомобиль йўлининг 55 километрида, аниқроғи Иштихон тумани ҳудудида йўлнинг қатнов қисмидан ўтаётган пиёда Б.Хиббимовни кўрмай қолади. Натижада масофанинг анча яқинлиги автомашинани тўхтатишнинг иложи бўлмай қолганлиги туфайли пиёдани уриб юборади. Лекин О.Бовамуродов автомобилни тўхтатиб, соғлиғи хавф остида қолган, ўзини билмай қолган пиёдага ёрдам кўрсатмай, воқеа жойидан кетиб қолади. Афсуски, пиёда Б.Ҳиббимов олинган тан жароҳатлари туфайли вафот этади.
Жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман суди томонидан Иштихон туман ИИБ ЙХҲБ биносида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида О.Бовамуродовга нисбатан тегишли жазо тайинланди.
И.ҒУЛОМОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.