Жорий йилнинг 26 ноябрь куни Самарқанд вилояти прокурори Ф.Зуфаровнинг навбатдаги сайёр қабули туманимизнинг Жўш ота, Урганжи, Булоқбоши маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилди.
Сайёр қабулда туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев ҳамда туман секторлари раҳбарлари, туман прокуратураси ходимлари, тумандаги мутасадди ташкилот ва идораларнинг раҳбарлари иштирок этди.
Даставвал “Жўш ота” маҳалла фуқаролар йиғини биносида ўтказилган учрашувда аҳолидан 17 та мурожаат келиб тушди. Жумладан, “Тоз” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Муҳаррам Арипова 10 га яқин хонадонга электр энергияси ўтказиб бериш, “Қўштамғали” маҳалласига қарашли Қоракисса қишлоғидан Ортиқбой Маматов қишлоққа йўл қуришда амалий ёрдам бериш, 1-Жўш маданият маркази ходими Барно Рўзиева кунларнинг совуши натижасида маданият марказида иситиш учун кўмир зарурлиги хусусида мурожаат қилдилар. Вилоят прокурори тегишли ташкилот раҳбарларига бу муаммоларни зудлик билан жойида ўрганиб, тегишли чоралар кўриш бўйича кўрсатма берди.
Шунингдек, “Урганжи” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган сайёр қабулда фуқаролардан асосан ички йўлларни таъмирлаш, Урганжи қишлоғидаги сойга кўприк қуриш ва бошқа муаммолар бўйича мурожаатлар бўлди.
Бу мурожаатларга туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев келгуси 2020 йилда Урганжи маҳалла фуқаролар йиғини “Обод қишлоқ” дастурига киритилганлигини маълум қилди. Бу эса деярли яна икки ойдан кейин ишлар бошланиб, бу борадаги муаммолар ҳал этилишини маълум қилди.
- Қишлоғимизда битта эски трансформатордан кўпчилик аҳоли фойдаланади,-деди Алиқул бобо Қораев. -Афсуски, бу трансформатор аҳолимизга электр энергиясини етказишга қуввати етмаяпти. Мутасаддиларга кўплаб мурожаатлар қилдик. Биронта жўяли жавоб ололмадик. Аҳолимиз томонидан янги трансформатор харид қилдик. Уни ўрнатиш учун керакли мутахассис ҳамда электр ўтказгич симлар зарур эди. Вилоят прокурори бу муаммони тезда ҳал этилишини туман электр тармоқлари корхонасига кўрсатма берди. Вилоятдан ёрдам керак бўлса, шахсан ўзлари бу масала бўйича шуғулланишларини маълум қилди.
Сайёр қабул туман “Булоқбоши” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлиб ўтди.
Ўз мухбиримиз.