Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси Самарқанд вилояти қўриқлаш бошқармаси 6-алоҳида отряди шахсий таркиби хизмат самарадорлигини ошириш мақсадида ходимлар билан мунтазам ўқув машғулотлари ташкиллаштирилмоқда. Қўриқлаш хизматининг афзалликлари шундаки, ҳозирги кунда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш жамоатчилик билан биргаликда олиб борилаётган чора-тадбирларга тўлиқ мос келади.
Жорий йилда ҳам қўриқлаш бошқармаси 6-алоҳида отряди ходимлари томонидан туман ҳудудидаги банк муассасалари, кўплаб савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчалари, корхона ва ташкилотлар, фуқаролар хонадонлари шартнома асосида техник қўриқлаш пунктига уланиб, ишончли қўриқланмоқда. қўриқланаётган объектларни қўриқлаш ёнғин-сигнализация, видеокузатув воситалари билан жиҳозланганлиги уларнинг яхши қўриқланиши билан бирга, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳудуд осойишталигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этаяпти. Амалга ошираётган барча ишларимизнинг пировард мақсади халқимиз осойишталигини сақлаш ва халқ манфаатларига хизмат қилишдир.
Шартнома асосида қўриқланаётган АТ Халқ банкида хизмат олиб бораётган ходимлар банк биносида фуқаролар хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлашда ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Шу билан бир қаторда, туманимиздаги пенсионерлар нафақаларини ўз вақтида олишлари ва нафақалар талон-тарож бўлишига йўл қўймаслик мақсадида муҳтарам Президентимиз томонидан ажратилган Дамас русумли автомашинани кузатув остига олиб, нафақалар истеъмолчиларга беталофат етказилиб берилишини ҳам назорат қилмоқдалар.
М.ҲУСАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Самарқанд вилояти қўриқлаш бошқармаси 6-алоҳида отряд гуруҳи командири, катта сержант.