Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Айни дақиқаларга келиб мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан рўйхатга олинганлар сони 2094 нафарни ташкил этди. Уларнинг 1212 нафари, яъни 58 фоизи касалликдан тўлиқ соғайган. Беморларни даволашда самарадорлик сезиларли ортиб боряпти. Кечанинг ўзида 79 бемор ушбу касалликдан тўлиқ соғайган ва реабилитация марказларига ўтказилган. Ҳозирги пайтда Жиззах ва Қашқадарё вилоятидан ташқари барча ҳудудлардаги юқумли касалликлар шифохоналари ва мослаштирилган шифохоналарда 873 бемор даволаш муолажаларини оляпти. Улардан 11 нафарининг аҳволи оғир, 2 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти.
Ҳурматли юртдошлар!
Карантин тадбирлари давом этяпти. Ушбу тадбирларга ва чекловларга амал қилишимиз керак. Юмшатилган вазиятдан фойдаланиб, ортиқча ҳаракатларни қилмаслигимиз лозим. Нечоғлик ўзимизга, оила аъзоларимизга, яқинларимизга сергак бўлсак, борди-келдилардан бир мунча тийилсак, сабр қиладиган бўлсак, эпидемиологик барқарор муҳитга тезроқ етиб борамиз.
ЎзА