Туман ҳокимлиги биноси олдида аҳоли, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, ишсиз ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш, уларни ишга жойлаштиришда қулайлик яратиш, бўш иш ўринларини уларнинг эътиборига етказиш мақсадида туман ҳокимлиги ҳамда бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” ташкил этилди.
Мазкур меҳнат ярмаркасида иш топишда қийналаётган кам таъминланган оилалар вакиллари, муқаддам судланганлар, чет элдан қайтиб келганлар, иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган фуқаролар ҳамда ҳозирда ишсиз бўлган шахслар иш сўраб мурожаат қилди.
Ўтказилган ярмаркада туман ҳудудида фаолият кўрсатаётган 111 та корхона ва ташкилотлар 348 та мавжуд бўш ва заҳираланган (квота) иш ўринлари билан иштирок этди.
Ярмарка давомида 42 нафар банд бўлмаган аҳолига ишга жойлаштириш учун йўлланмалар берилди. Бундан ташқари Қўшработ “Мева, сабзавот-узум” ИЧКга 41 нафар, “Ғужумсой карвони” ИЧКга 40 нафар ишсиз фуқаролар қулупнай етиштириш бўйича кооперацияга аъзо этиб ишга жойлаштирилди.
Шунингдек, “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси”да иштирок этган 87 нафар фуқарога касб-хунарга ўқитиш имкониятлари, жамоат ишларига қатнашиш ишлари таклиф қилинди, 40 нафар фуқарога эса меъёрий ҳужжатлар бўйича тушунтириш ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
- Муҳтарам Президентимиз томонидан мустақиллик байрами арафасида бир гуруҳ маҳкумларни афв этиш бўйича фармонига асосан жазони ижро этиш муассасасидан озод этилдим,- деди “Мустақиллик” МФЙда истиқомат қилувчи, озодликдан маҳрум этилиб, авф асосида озод қилинган Х.Ботирова. -Ҳозирги кунда оилам бағридаман. Ишсиз эдим. Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида туман ободонлаштириш бўлимига ишга жойлашдим.
Бўлиб ўтган тадбир тумандаги вақтинча ишсиз, тўғри йўлдан адашган ҳамда хорижга иш излаб кетаётган ёшлар учун зарурий кўрсатма бўлиб хизмат қилди.
Ўз мухбиримиз.