Туман марказидаги 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида ишсиз хотин-қизлар учун “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” ўтказилди.
Ярмаркада туманда фаолият кўрсатаётган 30 дан зиёд корхона ва ташкилотлар ҳамда фермер хўжаликлари 219 та бўш ва 41 та квота иш ўринлари билан иштирок этди.
- Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган бешта ташаббус асосида туманимизда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда,-деди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Шамсиева. - Бугунги кунда туманимизда аксарият аёллар уй-рўзғор ташвишлари, фарзанд тарбияси билан банд. Бу улар ишлашни хоҳламайди дегани эмас. Иш ўринлари излаб юрган аёлларимиз кўпчиликни ташкил этади.
Ўтказилган “Бўш иш ўринлари ярмаркаси”да 68 дан ортиқ ишсиз хотин-қизлар иштирок этишди. Улардан 8 нафари халқ хўжалигининг турли хил соҳалари бўйича ўзларига мақбул келадиган ишларга жойлаштирилди. 14 нафар хотин-қизларга Қўшработ Педагогика касб-ҳунар коллежига ошпазлик, 6 нафарига “Жўраева Зебо Обиловна” ЯТТга тикувчилик йўналиши касбларига тайёрлаш учун йўлланма, 2 нафар хотин-қизга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилди.
Аслида, хотин-қизларимизни иш билан таъминлаш жиддий муаммо. Чунки яратилаётган иш ўринларининг аксарияти эркаклар учун мўлжалланган. Қолаверса, иш берувчилар ҳам рўзғор ташвишларидан холироқ кучли жинс вакилларини ишга олишга интилади. Ана шу ўткир ижтимоий муаммони бартараф этиш учун бешинчи ташаббус сифатида аёллар бандлигини таъминлашдек хайрли ишга қўл урилмоқда.
Ҳ.РАСУЛОВ.