Асосий Қонунимиз бўлмиш Конституциямиз қабул қилган куннинг 28 йиллиги байрами муносабати билан 5-декабрь куни туман ҳокимлиги катта мажлислар залида тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда туман ташкилотлари, муассаса ва корхоналарда меҳнат қилаётган ходимлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари, нуронийлар вакиллари, фермер ва тадбиркорлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда. Мустақил тараққиёт йилларида Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда.
Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош Қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир.
Байрам тадбирида сўзга чиққан туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев йиғилганларни байрам билан табриклаб, давлатимиз мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келаётганлиги, истиқлол бизни ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш ҳуқуқига эга бўлган ҳолда авлодларга ибрат ва намуна бўладиган буюк ишларни амалга оширишга имкон бераётган буюк куч эканлигини таъкидлаб, ўтирганларни байрам билан қутлади. Шунингдек, туман ҳокими жорий йилда пандемия шароитида туманда кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, якка-ёлҚиз кексалар, доимий ишсиз фуқаролар ҳамда карантин туфайли ишсиз қолган фуқароларни иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Бутун мамлакатимизда бўлганидек, туманимизнинг ҳам қиёфаси тобора чирой очиб бормоқда. Айниқса, туманимизнинг чекка ҳудуди бўлмиш Жўшда амалга оширилган ишлар таҳсинга сазовордир. Кўчалари бутунлай янги қиёфага эга бўлдики, бундан уч-тўрт йил олдин кўрган киши бугун келиб назар солса, таниёлмай қолиши аниқ. Асосий йўлларнинг икки томонида бунёд этилган савдо, маиший хизмат кўрсатувчи биноларни кўрганда ким ҳам қувонмайди, дейсиз.
Байрам тадбирида бир гуруҳ нуронийлар, корхона ва ташкилот ходимлари туман ҳокимлигининг қимматбаҳо эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллиги байрамига бағишланган тадбир туман маданият бўлими ҳамда 5-сон Болалар мусиқа ва санъати мактаби ўқувчи ёшларининг куй-қўшиқ ва рақслари билан якунланди.
Ўз мухбиримиз.