Туман ҳокимлиги мажлислар залида Асосий Қонунимиз бўлмиш Конституция қабул қилинган куннинг 27 йиллиги байрами муносабати билан тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда туман ташкилотлари, муассаса ва корхоналарда меҳнат қилаётган ходимлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, нуронийлар вакиллари, фермер ва тадбиркорлар иштирок этди.
Байрам тадбирида сўзга чиққан туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев йиғилганларни байрам билан табриклаб, Бош Қомусимизнинг мустақил ва демократик республикамиз ҳаётида тутган ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.
- Бош Қомусимиз юртимизда озод демократик жамият барпо этишнинг, кенг кўламли ислоҳотларнинг мустаҳкам қонуний асоси, озод ва эркин ҳаётимизнинг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда,-дея таъкидлади нотиқ.
Бош Қомусимизнинг муқаддимасида ушбу ҳужжатнинг Ўзбекистон халқи ўз иродаси билан, келажак олдидаги масъулиятни англаган ҳолда қабул қилганининг қайд этилгани бежиз эмас.
Собиқ тузум даврида ижтимоий-иқтисодий муаммолар гирдобида, фақат хом ашё етиштирадиган минтақага айланиб қолганимиз, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва ижтимоий аҳволи эса аянчли ҳолатга тушиб қолгани ёдимиздан чиққани йўқ.
Конституцияда халқимизнинг хоҳиш-иродаси, ижтимоий онги, миллий маданияти, мақсад-муддаолари ва орзу-ниятлари акс этган.
Фуқароларимизнинг Конституцияда мустаҳкамланган ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш борасида йил давомида туманимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож кам таъминланган оилалар учун 4 сотихли 20 та 3 хонали, 2 та 4 қаватли 48 хонадондан иборат уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. ¤н нафарига 2 хонали 4 қаватли уй-жой учун 140 миллион сўм, яна 10 нафарига 2 хонали 2 сотихли уй-жойи учун 435 миллион 420 минг сўм бошланғич бадали тўлаб берилди.
Бундан ташқари, Қўрғон маҳалласида 33 та, Чиммос маҳалласида
10 та, Жўш ота маҳалласида 5 та кам таъминланган оилалар учун ҳомийлик ҳисобидан янги уй-жойлар қуриб берилди ва юзлаб фуқароларимизнинг уй-жойлари учун қурилиш материаллари олиб берилди.
Ногиронлиги бор фуқаролар учун 45 та ногиронлик аравачалари, 32 та эшитиш мосламаси, 16 та қўлтиқтаёқ, 25 та ҳасса, 6 дона кўзи ожизлар ҳассаси, 9 та протез-ортопедиялар тарқатилди, 202 нафарига имтиёзли даволаниш учун йўлланма ва 303 нафарига эса ордерлар берилди.
Жорий йилда 19 та мумутаълим мактаби, 9 та мактабгача таълим муассасаси, 5 та ҚВП ва 6 та бошқа соҳаларда қурилиш ишлари олиб борилди. Бунинг давлат бюджетидан қарийиб 38702,6 миллион сўм маблағ ажратилди.
Маҳаллий бюджет ҳисобидан 3 та ижтимоий объект учун 6100,0 миллион сўм, 3 та маҳалла биноси учун 800,0 миллион сўм ҳомийлар ҳисобидан ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида 8 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари учун 17890,0 миллион сўм маблағлар ажратилиб, қурилиш ишлари олиб борилди.
Бутун мамлакатимизда бўлганидек, туманимизнинг ҳам қиёфаси тобора чирой очиб бомроқда. Бу бевосита халқимизнинг даромадлари кўпайиб, ҳаёт фаровонлиги ошиб бораётганининг тасдиғидир. Жорий йилнинг ўзида туман маркази тубдан ўзгариб кетди. Кўчалари бутунлай янги қиёфага эга бўлдики, бундан уч-тўрт йил олдин кўрган киши бугун келиб назар солса, таниёлмай қолиши аниқ. Асосий йўлларнинг икки томонида бунёд этилган савдо, маиший хизмат кўрсатувчи биноларни кўрганда ким ҳам қувонмайди, дейсиз.
Қишлоқларимиз чиройига ҳам чирой қўшилиб бормоқда. Уларнинг қайси бирига борманг, янги қурилган ёки қурилиши давом этаётган гўзал уй-жойларга кўзингиз тушади. Чорва моли, боғ-чорбоғи йўқ оилани кўрмайсиз, Автомашиналар сони тез суръатларда кўпайиб бораётгани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. ¤збек халқининг эзгу ниятларидан бири бўлган тўй-томошаларнинг кети узилмайди. Буларнинг барчаси давлатимиз томонидан аҳолини бахтли-саодатли қилиш йўлида олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг амалий ижобати, Конституциямизнинг шарофати туфайлидир.
Муҳтарам Президентимизнинг “Битта иш ўрни яратган тадбиркор - бу билинг менинг ҳимоямдадир” деган сўзлари тадбиркорлик қилиш истагини билдирган ҳар бир фуқаро учун янгича шижоат бағишлади. Ўтган йили ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари сони 870 тани ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 10 ойи давомида ушбу кўрсаткич 1579 тани ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 709 тага кўп тадбиркорлик субъектлари ташкил этилганлигини билдиради.
Жорий йил давомида 160 дан ортиқ лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 1200 та янги иш ўринлари яратилди.
Асосий Қонунимизга биноан, мамлакатимизда яшаб келаётган ҳар бир инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатлари таъминланиши қатъий белгиланган. Шунга қарамай, биз билан ёнма-ён яшаб, Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаётган юзлаб инсонлар кўп йиллардан буён Ўзбекистон фуқаролигини ололмасдан келаётган эди. Давлатимиз раҳбари фармонлари билан уларнинг ана шу конституциявий ҳуқуқлари тикланмоқда. Ана шундай инсонлардан бири қўшни Қозоғистон Республикаси Чимкент шаҳридан 26 йил олдин “Қовунчи” маҳалла фуқаролар йиғини Ўразмат қишлоғига келин бўлиб тушган, 5 нафар боласи бўлишига қарамай Ўзбекистон фуқаролигини ололмай келаётган Қудайқулова Гулчеҳра Алиқуловнага туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортини тантанали равишда топширди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллиги байрамига бағишланган тадбир Самарқанд шаҳридаги Педагогика коллежи мусиқа ва санъат бўлими ёш хонандаларининг ҳамда устозларининг куй-қўшиқ ва рақслари билан якунланди.
Ўз мухбиримиз.