Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш туман бўлими томонидан беш нафар болага туғилганлик гувоҳномалари топширилди.
Бугун халқимизнинг истак ва хоҳишлари, мурожаатларини, уларнинг яшаш шароитларини билиш мақсадида хонадонларга кириб, уларнинг аҳволини ўрганиш ташкил қилинган бўлиб, ана шу ўрганишлар натижасида жуда кўплаб муаммолар ўз ечимини топмоқда.
“Қоратош” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Эргаш Қаршиев баъзи бир сабабларга кўра 16, 14, 12 ҳамда 10 яшар эгизак фарзандларига шу кунга қадар туғилганлик тўғрисида гувоҳнома ололмаган. Бу эса анча қийинчиликларга сабаб бўлаётганди.
Яқинда туман ФХДЁ бўлими мудираси Г.Ярқулова ҳамда туман халқ таълими бўлимига қарашли васийлик ва ҳомийлик органи мутахассиси Ш.Юсупов томонидан ушбу фуқаронинг фарзандларига хонадонига ташриф буюриб, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни топширишди.
– Оилавий шароитим туфайли 5 нафар фарзандимга туғилганлик гувоҳномаларни олишда қийинчиликларга учраган эдим,-дейди Э.Қаршиев. -Туман ФХДЁ ходимлари томонидан хонадонимга ташриф буюришиб, фарзандларимга туғилганлик гувоҳномаларини топширишди. Президентимизнинг халқимизга кўрсатаётган бу ғамхўрликларидан миннатдормиз.
Шунингдек, туман ФХДЁ бўлими томонидан “Қувкалла” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 68 ёшли Буврама Бердиқуловага ҳам туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома яшаш хонадонида тантанали равишда топширилди.
Ўз мухбиримиз.