Жорий йилнинг 29 апрель куни Қўқон шаҳрида юртимизда таҳсил олаётган хорижий давлатларнинг талабалари ўртасида "Golden Valley Marathon" халқаро ярим марафон мусобақалари ўтказилади.
Халқлар ўртасида тyризм, спорт ва маданият соҳаларида дўстлик ва яқинлик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёш авлод вакилларининг маданий яқинлашувига эришиш, уларнинг оммавий спортга бўлган қизиқишларини янада кучайтириш ҳамда давлатимиз раҳбарининг "Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган ушбу тадбирни юқори савияда ўтказиш бўйича ташкилий қўмита йиғилиши ўтказилди.Маданият ва туризм вазирлиги бошқарма бошлиғи Зарина Абдуллаева олиб борган онлайн йиғилишда вазирлик ва тегишли ташкилот мутасаддилари, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятидан соҳага дахлдор мутахассислар муҳокамалар давомида ярим марафон шаклида ўтказиладиган югуриш мусобақалари 2 ва 5 километр масофада ўтиши, 200 нафар атрофидаги талабалар қамраб олиниши, оммавий югуриш мусобақалари доирасида брифинглар, талаба-ёшлар учун Қўқоннинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштириш, давра суҳбатлари, кўнгилочар байрам тадбирлари ташкил этиш режалаштирилаётгани айтиб ўтилди.
Йиғилишда юртимизда таҳсил олаётган хорижий давлатларнинг талабалари иштирок этадиган оммавий югуриш мусобақаларида қатнашадиган хорижлик талаба-ёшлар рўйхатини шакллантириш, мандат комиссияси иш тизими, югуриш мусобақалари ўтадиган жойларда жамоат тартибини сақлаш каби масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, ечимини кутаётган ишлар юзасидан тегишли ташкилотлар олдига аниқ вазифалар юкланди.
Т.Рўзиев, ЎзА