Самарқанд вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан мактаб ўқувчиларини моддий ва маданий меросимиз, давлатчилигимиз тарихи билан яқиндан таништириш мақсадида Қўшработ тумани умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 50 нафар юқори синф ўқувчилари учун зиёрат туризми ташкил этилди.
Юртимизнинг барча гўшаларида кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётир. Кундан кунга даврга хос шиддат тараққиёт талабига айланиб бораётир.
Ўқувчилар аввало Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасини ҳайрат ва ҳаяжон билан зиёрат қилди. Ушбу мажмуанинг ўтмиши ва бугунги куни, бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий тадқиқотлар маркази ва ҳадисшунослик мактаби қурилаётгани, бу ерда муқаддас динимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшган алломалар меросини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этиш кўзда тутилгани ҳақида сўзлаб берилди.
Шундан сўнг ўқувчилр Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музей, “Шоҳи Зинда” зиёратгоҳи, биринчи Президентимиз И.Каримов ҳамда “Ҳазрати Хизр” мақбараларини зиёрат қилишди.
Куннинг иккинчи ярмида эса Регистон майдони бўлишиб, олам-олам таассурот олишди.
Саёҳат давомида вилоят прокурори Р.Машарипов, вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Рахмоновлар ўқувчилар билан учрашиб, дилдан суҳбат қуришди.
Самарқанд шаҳрида бу каби тарихий қадамжолар бисёр ва уларнинг ҳар бирида мана шундай кенг кўламли ободонлаштириш, таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилмоқда. Мақсад эса битта – ўзлигимизни чуқурроқ англаш ҳамда бой тарихимизни, аллома аждодларимиз ҳақида хабар берувчи обидаларни кейинги авлодларга асл ҳолида етказиш.
Азимжон ҚОДИРОВ.