Заркент шаҳарчасида НКМК Жанубий кон бошқармасига қарашли Маржонбулоқ, Нуробод ҳамда Зармитан саноат майдони ходимлари ўртасида “Соғлом ҳаёт учун югуриш” шиори остида 3 километрга югуриш бўйича марафон ўтказилди. Унда 500 нафардан зиёд кон ишчи-ходимлари иштирок этди.
Марафон тўртта ёш тоифасига бўлинган ҳолда ўтказилди. Чаққонлик ва эпчилликда бошқалардан илдамлаб, финишга етиб келганлар шўх куй-қўшиқлар садолари остида кутиб олинди Асосийси, уларнинг юз-кўзларида нечанчи ўринни олгани эмас, мана шундай оммавий марафонда иштирок этаётганидан қувониш ҳисси, спортга бўлган меҳр, ўзгача байрамона кайфият акс этиб турарди.
- Югуриш соғлиқ учун жуда фойдали, - дейди НКМК Жанубий кон бошқармаси касаба уюшмаси раиси Муҳаббат Ғаффорова. - Бундай оммавий мусобақалар кончилар орасида соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилишда ғоят аҳамиятлидир. Келгусида бу марафонни янада кенгайтириб, кўпроқ ишчи-ходимларни жалб этмоқчимиз.
Финишга 18-30 ёшлилар гуруҳида хотин-қизлар ўртасида Гўзал Бебитова, эркаклар ўртасида Илҳом Анорбоев, 30-40 ёш гуруҳи бўйича аёллар ўртасида Камола Пардаева, эркаклар ўртасида Шуҳрат Зиёратов, 40-50 ёш гуруҳи бўйича аёллар ўртасида Нодира Исломова, эркаклар ўртасида Анвар Савронов, 50 ёшдан юқори ёш гуруҳи бўйича аёллар ўртасида Насима Бобоева, эркаклар ўртасида эса Қўчқор Муродов биринчи бўлиб етиб келишди.
Тақдирлаш маросимида Навоий кон-металлургия комбинати давлат корхонасининг Жанубий кон бошқармаси Зармитан кони бошлиғи Бегмат Атабаев ишчи-ходимларни спортнинг оммавий турларига қизиқтириш орқали меҳнат фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашиш, касб касаллигидан спорт ва соғлом турмуш тарзи орқали муҳофаза қилиш, аҳоли айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спортнинг оммавий турларига қизиқишларини кучайтиришдан иборатлигини таъкидлади.
Спорт байрами ғолибларига касаба уюшмаларининг дипломлари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Иштирокчилар эътиборига концерт дастури намойиш этилди.
Ҳ.РАСУЛОВ.