“Қўролос” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган спорт майдончасида мини футбол бўйича “Ҳоким кубоги” ўтказилди. Унда тумандаги корхона, ташкилот ҳамда муассасаларнинг ишчи-хизматчилари ўзаро баҳс олиб боришди.
Коронавирус касаллиги бутун дунёда инсонлар учун саломатлик нақадар қадрли неъмат эканини теран англашни, соғлик қадрига етишни ўргатди. Бу офат одамларда жамиятга, атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бошқача назар билан қарашга, соғлом кучларнинг жипслашиши, оммавий маданиятни юксалтириш нақадар долзарб вазифа эканини англатди. Пандемиянинг кенг тарқалиши жамиятда инсон саломатлигини мустаҳкамлашда жисмоний тарбия ва спортнинг ўрни нақадар аҳамиятлилигини янада ёрқинроқ намоён этди. Бугун жаҳоннинг кўплаб давлатларида ўтказилган мониторинглар, таҳлиллар жисмоний маданият билан мунтазам шуғулланган, фаол ҳаёт тарзига эга одамларда касалликка чалиниш даражаси жуда ҳам пастлигини яна бир бор кўрсатиб қўйди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, саломатликни мустаҳкамлашга қаратилган жуда ҳам муҳим жиҳатлар ўз аксини топган. Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари, уларнинг оила аъзоларининг ҳам жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишларини таъминлаш, улар ўртасида мусобақалар ташкил этиш кўзда тутилган. Шу мақсадда спортнинг мини-футбол туридан “Ҳоким кубоги” мусобақаси ташкил этилди.
Мазкур мусобақада 16 та жамоа ғолиблик учун баҳс олиб боришди. Унда 100 нафардан ортиқ корхона ва ташкилотларнинг ишчи-ходимлари иштирок этишди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда туман халқ таълими бўлими ҳамда “Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби” жамоалари ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб бордилар. Ҳаяжонли, шиддатли хужумларга бой ўтган мусобақанинг финал қисми голлар шоусига уланиб кетди. Якунда 7:1 ҳисобида туман халқ таълими бўлими жамоаси “Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби” жамоасидан устун келди ҳамда ғолибликни қўлга киритди. Учинчи ўринни туман ички ишлар бўлими жамоаси эгаллашди.
- Жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш кишида соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантиради, касалликларга қарши кучли иммун тизими пайдо бўлишини таъминлайди, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилишга одатлантиради,-дейди 35-умумтаълим мактаби директори Б.Бобоназаров. - Таълим муассасамизда ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида ҳафта давомида спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этиш йўлга қўйганмиз. Бу ҳолат соғлом турмуш тарзининг бутун оила аъзоларида, айниқса болаликдан бошлаб шаклланишига олиб келади, албатта.
Мусобақа сўнгида ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланишди.
Ислом БОБОҚУЛОВ.