Туман марказидаги ТИП-2 спорт мажмуасида мактабгача таълим муассасаларининг тарбияланувчи қизлари ўртасида “Сиз билан бирга ўсамиз ва ривожланамиз!” шиори остида гимнастрада фестивали ўтказилди.
Айтиш жоизки, қизларимизнинг соғлом бўлиб ўсишлари учун спортнинг ўрни нақадар муҳимдир. Шу маънода эртамиз эгаларини ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол этиб вояга етказиш, болалар боғчалари тарбияланувчилари орасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтиришда спорт машғулотларининг аҳамиятини ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Тадбирда тумандаги 14 та мактабгача таълим муассасасидан келган жамоалар ўзаро баҳс олиб боришди. Қизғин кечган ушбу тадбирда 16, 18, 9, 14, 13-мактабгача таълим муассасаларининг тарбияланувчилари нозик ҳаракатларда жонбозлик кўрсатишди.
-Маҳалламизда спортнинг гимнастрада тури оммалашаяпти, - деди 8-мактабгача таълим ташкилоти мудираси Марҳабо Усанова. - Чунки мусиқа оҳанглари остида бажариладиган машқлар хотин-қизлар кайфиятини янада кўтариб, организмдаги чарчоқни чиқаришга ёрдам беради. Бу амалга оширилиши режалаштирилган янги-янги дастурларни ҳаётга тадбиқ этишда халқимизга куч-шижоат бағишлайди. Тоғли ҳудудда яшаётганимизга қарамай, спорт билан шуғулланиш учун шароитлар яратиб берилаяпти. Лекин баъзи бир муаммолар ҳам бор. У ҳам бўлса гимнастрада билан шуғуллантирадиган мутахассислар йўқлигидадир. Шунга қарамай имкониятларидан келиб чиқиб, тарбияланувчиларимиз билан чиройли кўринишларни тайёрлаб келдик.
Қатнашчилар орасидан 20 нафар қизлар тадбирнинг вилоят босқичида қатнашиш учун саралаб олинди.
Дилноза ҲАСАНОВА.