Сайёрамизда кўплаб экологик офатлар бўлган. ХХ асрда Орол денгизининг қуриши ҳақли равишда энг катта офатлардан бири ҳисобланади. Совет муҳандисларининг нотўғри ҳисоб-китоблари, пахта далаларини кўпайтириш Орол денгизининг аста-секин саёзлашишига ва қуришига олиб келди. Ҳозир собиқ денгиздан деярли ҳеч нарса қолмаган.
Бироқ бу фожиа ортидан археологлар ўрганиш учун кўплаб янги ҳудудлар очилди. Ушбу мақолада биз собиқ Орол денгизининг тубида топилган ғайриоддий мақбара ҳақида хабар берамиз. Орол-Асар - ХIV асрнинг охирида Орол денгизи томонидан ғарқ этилган жой. Ушбу жойни қазиш пайтида, Қозоғистон ҳудудида Кердери деб номланган мақбара топилган.
Тадқиқот бошланишидан олдин у баландлиги 1,6 метр бўлган ғиштлар тартибсиз сочилиб ётган тепалик эди. Тадқиқотчилар қадимги, бир пайтлар баландлиги камида 2 метр бўлган, деворлари пишган ғиштлардан қурилган ва тош плиталардан ясалган ниҳоятда улкан пойдеворга дуч келишган.
Умуман олганда, мақбаранинг тузилиши Марказий Осиё мамлакатлари учун ғайриоддий, ғалати туюлади, аммо буларнинг барчасига мантиқий жавоблар бор. Масалан, жуда қалин пойдеворлар, маҳаллий тупроқ жуда беқарор ва лойли бўлганлиги билан боғлиқ. Ушбу бинонинг деворлари ҳам ҳайратланарли - энг ингичка жойининг қалинлиги бир метрга тенг.
Мақбара дунё томонларига йўналтирилган ва тўртбурчак шаклга эга бўлган. Унинг деворларининг жануби-ғарбий қисми баландлиги олти қаторли ғиштдан иборат бўлиб, ўша қисмида кириш жойи ҳам бўлган.
Мақбаранинг пастки қисми турли хил нақшлар билан безатилган хар хил хил плиткалар билан қопланган: геометрик, гуллар, эпиграфия ва баъзи жойларда араб алифбосида зарҳал ёзувлар сақланиб қолган. Бу аҳолининг Ислом динига эътиқод қилганидан дарак беради.
Маҳаллий дафн заллари гўрхона деб номланган, улар икки қисмга бўлинган ва уларда аёллар, болалар ва эркаклар кўмилган. Олимлар жами еттита сағана топганлар, уларнинг ҳаммаси ХIV аср охирларига тегишли. Ажабланарлиси шундаки, катта плиталар билан қопланган асосий қабр бўш экан.
Бир пайтлар қуруқлик бўлиб, одамларга қабристон вазифасини ўтаган ерни сув босиб, асрлар ўтиб яна асл ҳолига қайтганининг гувоҳи бўлаяпмиз.
Манба: Azon.uz.