Ўқитувчиликнинг мақоми масъулият, шараф, ўрнак, тарбия каби муҳим сифатларни ўзида мужассамлаштиради. Ўқувчиларнинг келажагини ўз фарзандлари мисолида кўриш, уларнинг билим олишидан тортиб хулқ-атворигача ўзининг олий бурчи деб ҳисоблайдиган ўқитувчилар шубҳасиз жамиятнинг зийнати десак муболаға бўлмайди. Устоз Баходир Сарманов ҳам мана шу ҳислатларни ўзига касбий эътиқод санаб, меҳнат фаолиятининг 38 йиллик қисмини таълим соҳасига бағишлади. Баходир Сарманов 1963 йилда Қўшработ тумани Қорақисмоқ қишлоғида туғилган. Унинг болалик даврларидан бошлаб ўқитувчилик касбига бўлган катта иштиёқи ўрта мактабни битириши билан Самарыанд сари чорлади. Ўзининг ўткир зеҳни, изланувчанлиги билан талабалар сафида ажралиб турувчи Баходир Сарманов 1980-85 йиллар оралиғида Самарқанд давлат университетини аъло баҳолар билан тамомлади. Дастлаб меҳнат фаолиятини ўзи таҳсил олган 75-умумий ўрта талим мактабида математика фанидан дарс берди. 1991 йилдан бошлаб то нафақа ёшигача қишлоқдаги 18-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи, директор ўринбосари, директор лавозимларида фаолият кўрсатди. Қахрамонимиз йиллар мобайнида жонкуярлиги, ташкилотчилик қобилияти ҳамда юксак салоҳияти билан жамоадошларининг ҳам ҳурмат-эътиборини қозонди. Бугунда Баходир Сармановнинг юзлаб шогирдлари Республикамизнинг турли жабҳаларида ўз касбининг етук кадрлари бўлиб ишлаб келишмоқда. Устозимизнинг элу юртимиз равнақи йўлидаги меҳнатлари муносиб эътироф этилганини ҳам эътироф этиш жоиз. Устоз 2011 йилда «Халқ таълими алочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Вақт – бамисоли оқар сув. Баходир Сармановнинг таълим соҳасидаги хизмат фаолиятига ҳам 38 йил тўлибди. Узоқ йиллик меҳнатлар самараси қадрланиб мактаб жамоаси, собиқ ўқувчилар, устознинг фарзандлари катта эҳтиром билан нафақага кузатишди. Устозга сарполар кийгизилиб, бир пиёла чой устида ширин хотиралар ёдга олинди. Инсон учун бундан ортиқ бахтнинг ўзи бўлмайди. Ўзи севган касби, севимли мактаби бағрида келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодга таълим-тарбия бериб, шогирдларининг, халқининг иззат-ҳурматига сазовор бўлган, фидойи муаллим, устоз Баходир Сармановга биз шогирдлар ҳам узоқ умр, соғлик-саломатлик тилаб қоламиз.
Ислом Али