Ҳар бир ота-она фарзандини келажакда етук шахс бўлиб камолга етишини истайди. Кимдир уларни спортга, кимдир санъатга, яна кимдир эса болалигиданоқ касб-ҳунарга йўналтиради.
Ота-оналарнинг бу каби орзу-интилишини рўёбга чиқариш - фарзандларимизнинг маълум бир фан бўйича чуқур билим эгаллаши учун юртимизда ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари ташкил этилмоқда. Хўш, туманимизда ҳам ихтисослаштирилган синфлар фаолият олиб бормоқдами?
Вилоят ҳокимининг 2018 йил 30 апрелдаги “Булунғур, Тайлоқ, Қўшработ, Пайариқ, Пахтачи ҳамда Нуробод туманларида аниқ ва табиий фанларга ихтисослашган синфлар ва мактабларни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан жорий ўқув йилидан бошлаб 82-умумтаълим мактабида математика фанини чуқурлаштириб ўқитиш мақсадида ихтисослаштирилган синф ташкил этилди. Мазкур синфга ўқувчилар иккинчи синфдан қабул қилинади. Бундан ташқари унга олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар тест асосида саралаб олинди.
Шунингдек, ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида 2019-2020 ўқув йилларида туман халқ таълими бўлимига қарашли 13-умумтаълим мактабида рус тили ва кимё, 26-умумтаълим мактабида чет тили (инглиз тили), 34-умумтаълим мактабида математика ва биология, 81-умумтаълим мактабида она тили ва адабиёт фанларига ихтисослашган синфларни ташкил этишни режалаштирганмиз.
Тумандаги таълим муассасаларидаги мавжуд имконият ва шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда ўқитувчиларнинг чуқур билим салоҳиятига таяниш ва бу орқали ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини ошириш бизнинг биринчи галдаги вазифамиз бўлиб қолади.
Ғайбулла АХМЕДОВ,
туман халқ таълими бўлими шўъба мудири.