Бешафқат ўлим фаолиятини таълим-тарбия соҳасига бағишлаб келаётган моҳир педагог, жонкуяр ва фидойи муаллим Тавмурод Суяровни орамиздан олиб кетди.Тавмурод Суяров 1950 йили 9-август куни Қўшработ туманида туғилди. 1968 йилда Самарқанд давлат университетининг физика факультетига ўқишга кириб, 1973 йилда битиради. Дастлабки иш фаолиятини 1973 йилда 82-умумтаълим мактабида ўқитувчиликдан бошлади. У қисқа вақт ичида илми, фидойилиги ва жонкуярлиги билан педагогик жамоа орасида ҳурмат-эътибор қозонди. Жамоанинг таклифи билан Тавмурод Суяров 1981 йилда 82-умумтаълим мактабига директор этиб тайинланади.
Тавмурод Суяровнинг ҳаёт йўли илм олиш, илм бериш, қўлидан келганча яхшилик улашиш билан ўтди. Ўз устида тинимсиз ишлаши бу инсонни туман ҳокимлиги томонидан 2000 йилда туман халқ таълими бўлимига мудирликка тайинлашади.
Шунингдек, Тавбой Суяров бир неча йиллар туман халқ таълими бўлими методика кабинети мудири, методисти, мониторинг сектори бош эксперти, 48-умумтаълим мактаби директори лавозимларида ишлади.
Пенсия ёшига етгунга қадар ўзи истиқомат қилаётган Болғали қишлоғида жойлашган 5-умумтаълим мактабида директор лавозимида ишлайди.
Фидойи устоз, фаол жамоатчи, юзлаб шогирдларнинг тарбиялаб мустақил ҳаётга йўллаган Тавмурод Суяровнинг хотираси қалбимизда абадий яшайди.
Туман халқ таълими бўлими.
