Туманимизда аҳоли хонадонларида, фермер хўжаликларида ипак қуртини боқиш мавсуми давом этмоқда. Ипак толасини етиштириш давомида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш муҳим аҳамият касб этади. Акс ҳолда машаққатли меҳнат билан етиштирилган ипак қурти бир зумда нобўд бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам пиллакорларимиз ипак толасини етиштириш учун қуйидаги қоидаларга амал қилишларини эслатиб ўтамиз:
- ипак қурти боқилаётган хонадонларда иситиш печлари ҳамиша соз ҳолда, мўрилари тозаланган бўлиши шарт. Печларни бензин, керосин, дизель ёқилғилари билан ёқиш ман этилади;
- қурт боқиладиган барча хонадонларда электр симларидан, электр токидан фойдаланишда эҳтиёт чораларини кўриши шарт. Электр чироқларида ҳимоя плафонлари ўрнатилган бўлиши лозим. Вақтинчалик торттирилган электр симларидан фойдаланиш, очиқ спиралли электр иситгичлардан фойдаланиш таъқиқланади;
- газ билан иситиладиган печларни болаларга ишониб ёқмаслик, печ яқинида сўриларни жойлаштирмаслик, жумраклардан сизиб чиқадиган газларни дарҳол мутахассислар ёрдамида бартараф этиш чораларини кўриш, газ ёқиладиган хонада шамоллатиш тизимларини ўрнатиш талаб этилади;
- ипак қурти боқилаётган хоналарга иситиш печи табиий газ ёқиш учун резинали ичак орқали фойдаланиш ман этилади.
Пилла боқиладиган хонада бирламчи ёнғин ўчириш воситалари 100 литр идишда сув, белкурак ва қум билан таъминланган бўлиши шарт.
Юқорида айтиб ўтилган ва қийин бўлмаган кўрсатмаларга астойдил амал қилсак, “Кумуш тола”ни етиштириш, қайта ишлаш ва сақлаш даврида ёнғин хавфсизлигини тўла таъминлаган бўламиз.
Т.ШАКАРОВ,
туман ФВБ профилактика ва назорат бўлинмаси бошлиғи, лейтенант.