“Қўштамғали” маҳалла фуқаролар йиғинида 678 дан зиёд оила бўлиб, унда қарийб тўрт мингдан ортиқ киши истиқомат қилади. Аҳоли асосан деҳқончилик, чорвачилик, узумчилик каби соҳалардан даромад топади.
Ҳудуддаги мавжуд муаммоларни ўрганиш, фуқаролар мурожаатини тинглаш ҳамда мавжуд шароитдан келиб чиқиб уларга ижобий ечим топиш мақсадида туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев ушбу маҳалла аҳолиси учун оммавий қабул ўтказди. Мулоқот доирасида фуқароларнинг муаммолари, мурожаат ва таклифлари тингланди. Жумладан, фуқаролар С.Омонов ҳамда У.Усановалар иссиқхона ташкил этиш учун кредит масаласида, А.Тошқулов маиший хизмат кўрсатиш дўконининг қарорини чиқариш юзасидан, Ў.Жиянов эса қизи учун тикув машинаси сўраб мурожаат қилдилар.
Фуқароларнинг аксарият муаммолари шу жойнинг ўзида ҳал этилиб, ўрганиш талаб этувчи муаммоларнинг ечими қисқа фурсатларда бартараф этилиши таъкидланди. Шунингдек, яна 34 та яшаш хонадонларнинг ҳужжатлари борасидаги мурожаат ижроси назоратга олинди.
Қабул давомида туман ҳокими ушбу маҳаллада жойлашган 31-умумтаълим мактабида таълим-тарбия жараёни билан танишди, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.
Албатта, бу каби амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад аҳоли фаровонлигини яхшилаш, улар учун янада кенг ва қулай имкониятлар яратишдан иборатдир.
И.БОБОҒУЛОВ