Самарқанд давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчиларидан иборат тиббий бригада “Пангат” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди. Бу тиббий кўрик Пангат қишлоқ врачлик пункти ҳамда 40-умумтаълим мактабида ташкил этилди.
Очиғини айтиш керакки, кўпчилик фуқароларимиз йилда бир-икки марта бўлсада тиббий кўрикдан ўтишни ўзига лозим топмайди. Кимдир тиббиёт муассасасига боришга эринади, яна кимдир малакали шифокорга эҳтиёж сезади, аммо ҳар доим ҳам бунинг имконияти бўлавермайди. Аксариятимиз соғлиғимизда жиддий ўзгариш кузатилмагунча, тиббий кўрикка зарурат сезмаймиз. Ваҳоланки, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган маъқулдир. Кўрикни ташкил этишдан мақсад ҳам аслида шу.
Самарқанд давлат тиббиёт институтининг малакали, чуқур билимга эга тиббий бригада аъзолари – невропатолог, окулист, терапевт, кардиолог, жарроҳ, акушер-гинеколог, педиатр, болалар ортопед-травматологи, болалар жарроҳи ва УТТ мутахассисларидан ташкил топган мутахассислар аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, тиббий кўрикка эътибор қилишнинг қанчалик муҳимлигини амалда исботлаб бердилар. Чуқурлаштирилган тиббий кўрикка институтда таҳсил олаётган қўшработлик юқори курс талабалари, магистрлар ва клиник ординаторлар ҳам фаол иштирок этишди.
Тиббий кўрикдан ўтган фуқароларнинг 22 нафарига стационар, 151 нафарига амбулатор даволанишга йўлланма берилди. 40-умумтаълим мактабида ўтказилган тиббий кўрикда ўқувчиларнинг ўн нафарида ясси оёқлилик, икки нафарида жисмоний ривожланишдан орқада қолиш, шунингдек, кўкрак қафаси диформацияси, камқонлик ва сурункали хасталиклар билан оғриши маълум бўлди.
Касаллик аниқланган болаларнинг барчаси диспансер назоратига олинди.
Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати.