Аста-секин жорий йил ҳам тугаб, барчамиз орзиқиб кутаётган янги йил байрами ҳам яқинлашиб келмоқда. Бу байрамда кўпчилик ёш болалар турли хил пиротехника воситаларига эҳтиёж сезади. Бундай пайтда баъзи бир уддабуронлар пиротехника воситаларини кўча-куйда пуллаб, мўмайгина даромад олишни кўзлай бошлашади.Пиротехника воситаларини мамлакатимизда қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, сотиш таъқиқланган бўлишига қарамасдан, баъзи бир “олғир” фуқароларимиз чегара ўтиш пунктларидан яширинча олиб киришга уринмоқдалар. Бундай ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вилоят божхона бошқармаси ходимлари Самарқанд шаҳридаги Гагарин кўчасида тезкор тадбир ўтказишди. Натижада фуқаро С.П.нинг қўлидаги целофан пакет холислар иштирокида кўздан кечирилганида қиймати 1 250 000 сўмлик, жами 3000 дона Қирғизистон Республикасида ишлаб чиқарилган “Британик” ёзувли пиротехника воситалари борлиги аниқланди ҳамда далилий ашё сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан дастлабки божхона текширувлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1851-моддасида ҳамда Жиноят кодексининг 2501-моддасида пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик ва жазо чоралари белгиланиб, унда пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, мамлакатимизга олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш тақиқланган.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.
