Самарқанд вилоят божхона бошқармасида Самарқанд вилоят маъмурий суди томонидан вилоят маъмурий суди судьяси В.Асқаров раислигида сайёр суд мажлиси ўтказилди.
Унда Самарқанд вилоят божхона бошқармаси Суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлими ходимлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сайёр суд мажлисида асосан “Самарқанд аэропорт” чегара божхона постида аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар томонидан “Самарқанд” ва “Улуғбек” ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида расмийлаштирилган божхона юк декларацияларни тўлдиришда аниқланган божхона қонун ҳужжатлари бузилиши билан боҚлиқ 10 га яқин маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 245-моддасига асосан мазмунан кўриб чиқилди.
Дастлаб, судья В.Асқаров иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига қилган Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда маъмурий ишларни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилиши ва бу билан фуқароларга қулайликлар яратиш ҳамда энг асосийси жазолаш эмас, тарбиялаш мақсадида мазкур сайёр суд ташкил этилганлиги тўғрисида гапириб ўтди.
Шундан сўнг, Самарқанд вилоят божхона бошқармаси томонидан бир гуруҳ шахсларга нисбатан юритилган маъмурий иш ҳужжатлари атрофлича кўриб чиқилди. Ҳуқуқбузарларга амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилди ва уларга нисбатан тегишли жазо чоралари тайинланган ҳолда қарорлар қабул қилинди.
Хусусан, “Самарқанд” халқаро аэропорти орқали Туркия Республикасидан учиб келган фуқаро И.А.нинг учувчисиз учиш аппаратини Ўзбекистон Республикасига олиб киришга уринганлиги ҳолати бўйича юритилган маъмурий иш кўрилиб, И.А. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 227-моддаси билан айбли деб топилиб, унга нисбатан жарима жазоси ҳамда учувчисиз учиш аппаратини йўқ қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, “FORTUNA KONTINENT PLUS” МЧЖнинг раҳбари М.И. томонидан божхона юк декларациясини тўлдиришда йўл қўйган хатолиги туфайли божхона тўловлари кам ҳисобланганлик ҳолати юзасидан юритилган маъмурий иш кўрилиб, фуқаро М.И. томонидан қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари 30 кунлик муддат ичида ихтиёрий равишда тўлаб берилганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 227-моддаси билан юритилган маъмурий иш материали МЖтКнинг 271-моддаси 11-бандига асосан юритувдан тугатилди ва фуқаро М.И. маъмурий жавобгарликдан озод қилинди.
Самарқанд вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати.