Туманимиз маркази кундан кунга чирой очиб бормоқда. Айниқса, равон кўчалар ва йўл бўйларига манзарали дарахтлар, чиройли гуллар экиш, кўкаламзорлаштириш ва йўл иншоотларини тартибга келтириш борасида олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовордир. Буларнинг бари туманимизнинг янада гуллаб-яшнашига замин яратади. Бугун туманимизни катта қурилиш ва бунёдкорлик майдонига қиёслаш мумкин. Чор-атрофда улкан техникалар ғала-ғовури, йўлларда, массивларда катта кўламдаги ишларнинг олиб борилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Туманимиздаги автомобиль йўлларининг кенг кўламли таъмирланиши доирасида жамоат транспорти бекатларини янгилаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Фақат бостирмадан иборат эски бекатлар ўрнига бирин-кетин икки ёнида ойнаванд панеллари бўлган янгиларига алмаштирилмоқда. Туманимизнинг деярли барча янги ва таъмирланаётган кўчаларида шундай замонавий бекатлар жойлаштирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги байрами арафасида “Интизор” бекати ёнида янги “Мустақиллик” бекати фойдаланишга топширилди. Уни хусусий тадбиркор Шерзод Абдуропиев банк кредити асосида қуриб, битказди.
- Бекатнинг чиройли бўлиши учун атрофини тўлиқ ойнаванд девор билан ўрадик,-дейди тадбиркор. - Асосий мақсадимиз халқимизнинг оғирини енгил қилиш, уларга барча шарт-шароитларни яратишдан иборат. Бу ерда йўловчилар учун кутиш зали, ёнида эса овқатланишлари учун тамаддихона ҳам бор. Сув таъминотига уланган, иситиш-совитиш тизимлари ишлаб турибди.
Афсуски, баъзи тумандошларимиз томонидан бекатлардаги ойнали панелларни бузиш, ўриндиқлар ва реклама тасвирларига шикаст етказиш каби ҳолатлар камдан-кам бўлса ҳам учраб туради. “Интизор” бекатининг аҳволи ҳам ҳозирги кунда ачинарли ҳолатдадир. Албатта, янги қуриб битказилган бу бекат тумандошларимиз учун мустақиллик байрамига туҳфа бўлди.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.