Диёримизга ойларнинг султони, меҳр-шафқат саховат рамзи бўлган, Қуръони карим нозил бўлган, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан афзал моҳи Рамазон ташриф буюрди.
“Рўза” араб тилида “савм” деб аталиб, луғатда “бир нарсадан ўзини тиймоқлик”ни билдиради. Истилоҳида эса “тонгдан то қуёш ботгунча рўзани ният қилиб, уни очувчи барча нарсалардан ўзини тийиш”дир.
Рамазон Қуръон ойи, зикр ойи, тавба ойи, хайр-саховот ойи ва меҳр-мурувват ойи ҳамдир. Ораларимизда биз эътибор бермаган, бир оғиз ширин сўзга, меҳрга ташна инсонлар йўқ эмас. Айниқса, кекса кишилар, табаррук ёшдаги ота-оналаримиз ёки диллари хуфтон бўлган бобо-момоларимиз ҳолидан хабар олсак, янада кўпроқ меҳр кўрсатищда давом этсак, иншоаллоҳ улкан ажрларга эришамиз. Қолаверса, ота ё онаси ҳаётдан эрта кўз юмган кўнгли ўксик болаларнинг кам-кўстининг бут бўлишига ёрдамлашсак, жаннатда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан қўшни бўлишдек бахтни қўлга киритамиз, иншоаллоҳ. Зеро Аллоҳ таоло рўзани фарз қилишининг ҳикмати шундаки, инсон очлик туфайли ноз-неъматларнинг, сувнинг қадрини ҳис этади ва шу аснода қалби юмшаб, фаъл-атворини ўзгартиради, йўқсил, бечораларга мурувват кўрсатиб, садақа, эҳсонлар беришга одатланади. Худо йўлида эҳсон бериш инсонни жуда кўп офату кулфатлардан асраб қолади.
Айниқса, шу ойда зиммамиздаги вожиб садақалар – закот, фитр ва бошқа хайру эҳсонларимизни ҳақдорларга улашсак савоби улуғдир. Ҳолбуки, закот бойларнинг мол-дунёсига зарар етказмаган ҳолда ижтимоий ҳаётда маълум мўътадилликни юзага келтириш, бева-бечораларга ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан кўмаклашиш имконини беради. Йўқчилик жуда кўп мамлакатларда мазкур тузумга қарши норозиликка сабаб бўлади, ижтимоий адолат, тенглик, озодлик учун кураш ўтини ёқади. Закот эса мана шундай нотинчликларнинг олдини оладиган адолатли йўлдир.
Бу ойда Қуръони Карим бошқа ойларга нисбатан кўпроқ тиловат қилинади. Қуръон қанча кўп ўқилса, инсонда Аллоҳ таолога бўлган муҳаббати ва тақвоси зиёда бўлади. Унга сакийна тушади ва уни раҳмат фаришталари қуршаб олади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Рамазон ойи Аллоҳ таоло томонидан бизга берилган катта имконият ойидир. Бу ойда ҳар қанча тоат-ибодат қилиб, гуноҳлардан ўзимизни сақлайдиган бўлсак, охиратимиз учун улкан захийрага эга бўламиз. Шунингдек, нафсимизни поклаб, ибодатларда бардавом бўлишни одат қилиб оламиз. Шунга кўра, Рамазондан кейин ҳам шу ибодатларда давомли бўлиш осон бўлади.
Набижон ЖАМҒИРОВ,
туман бош имом-хатиби.