Толиб Худоёров Каттақўрғон тумани, “Каттаминг” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Кичикминг қишлоғида яшайди. Оилали, уч нафар фарзанди бор. Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли “Тиббий маслаҳат” комиссияси раиси лавозимида ишлар эди. Унинг вазифасига ногирон шахсларнинг диспансер назоратини амалга ошириш, ногиронлик нафақасига чиқиш учун мурожаат қилган беморларнинг ҳужжатларини қабул қилиб олиш, уларга 088Х-шакл варақа тўлдириш, тўпланган ҳужжатларни Пастдарғом туманидаги 59-сонли туманлараро тиббий-меҳнат эксперт комиссиясига тақдим этиш эди.
Кўриниб турибдики, унинг вазифасига ногирон фуқароларга ногиронлик нафақаларини чиқариш ваколати кирмаган. Лекин у хизмат мавқеидан фойдаланиб 2-гуруҳ ногирони У.Туроповнинг ишончига кириб, муддатсиз нафақа тайинлаш учун фойдаланиб қолмоқчи бўлди.
Ўтган йилнинг ноябрь ойи охири эди. Т.Худоёровнинг олдига У.Туропов келиб, ногиронлик нафақасини узайтиришни сўрайди. Ҳужжатлар билан танишиш жараёнида Т.Худоёров ушбу пайтда У.Туроповдан ўзининг нафси учун фойдаланиб қолмоқчи бўлади.
- Ие, ака сизнинг ҳужжатларингиз билан муддатсиз ногиронлик гуруҳини белгилаш мумкин эканку,-дея луқма ташлайди.
- Наҳотки. Ахир мен ҳар йили келиб кўрикдан ўтишга соғлиғим тўғри келмаяпти. Агар иложи бўлса, муддатсиз ногиронлик гуруҳига ўтказишга ёрдам қилсангиз,-дея илтижо билан Т.Худоёровга юзланди.
- Иложи бўлса керак. Мен ҳозир Пастдарғом туманлараро тиббий меҳнат эксперти билан гаплашайин қани, агар иложи бўлса тўғрилаб бераман.
Т.Худоёров бошқа хонага ўтиб, гўёки телефон орқали керакли одамлар билан гаплашгандай бўлиб, яна У.Туроповнинг олдига келади.
- Ишингиз ҳал. Фақат озгина муаммо, харажати бор экан,-дея ўзини гўёки ёрдам кўрсатаётган кишидай тутади.
- Харажати қанча бўларкан, унча кўп эмасми,-дея У.Туропов хурсанд бўлади.
- Атиги 200 “кўкидан” олиб келсангиз бўлди, муаммо ҳал бўлади. Ўар йили қийналиб келиб юрмайсиз. Ногиронлик гуруҳи муддатсиз муддатга берилади,- деди ишонч билан Т.Худоёров.
Бу эса 2-гуруҳ ногирони бўлган У.Туроповга ёқмайди. Ахир беморлиги кўриниб турган бўлса. У бу ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилади.
Ўтказилган тадбир давомида У.Туропов келишилган пулни Т.Худоёровнинг хонасида бераётганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамда гувоҳлар иштирокида ушланади. У Пастдарғом туманлараро тиббий меҳнат экспертига бераман дея ёлғон ишлатиб, ўзининг нафси учун ушбу ишни қилганлигини тан олди, яъни ёлғони ўтмади.
Жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман суди томонидан ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида Т.Худоёровга тегишли тарзда жазо чораси тайинланди.
М.ТЎХТАЕВ,
жиноят ишлари бўйича вилоят судининг судъяси.
И.ҒУЛОМОВ,
жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси.