Туманимиз аҳолисидан қачон кинотеатрга тушдингиз, дея сўрасангиз, елкасини қисиб қўяди. Сабаби, туманимизда кинофильмлар намойиш этиладиган биронта кинотеатрнинг йўқлигидадир. Тўғри, туман марказида собиқ иттифоқ даврида қурилган кинотеатр мавжуд. Лекин у ҳозирги кунда ўта ачинарли, қаровсиз ҳолда турибди. Ёши катта инсонлар бу кинотеатрнинг бир пайтлари одамлар билан қандай гавжум бўлишлигини эслашса керак. Эътиборсизликми ёки аҳолининг фақатгина телевизор қаршисида кинофильмларни томоша қилишни хоҳлаётганликларими, хуллас туманимизда ҳозирги пайтда биронта ҳам кинотеатр фаолият олиб бормаяпти.
Яқинда Тошкент шаҳридан ташриф буюрган “Cinema servis” масъулияти чекланган жамиятига қарашли кўчма кинотеатр уч кун давомида миллий кинофильмларимизни намойиш этди. Очиғи ушбу кўчма кинотеатрга борар эканмиз, аҳолининг, айниқса ёш болаларнинг кўплигини кўриб хурсанд бўлдик. Демак, аҳолимиз худди шаҳарларда бўлганидек, ишдан бўш вақтларида оиласи, фарзандлари билан кинотеатрга боришни хоҳлашар экан.
Кўчма кинотеатрга кирар эканмиз, ичкари ёз фасли бўлиши қарамасдан салқин, совутиш тизими ишлаб турибди. Катта экранда болажонлар учун мультфильм намойиш этилмоқда. Ичкарида фильмларни қўйиб бераётган иш бошқарувчи Равшан Абдусалимов билан суҳбатлашдик.
- Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан Самарқанд вилоятининг Пастдарғом, Жомбой, Тайлоқ, Иштихон туманларида аҳоли учун миллий кинофильмларимиз, болажонлар учун мультфильмлар намойиш этдик,-дея таъкидлади Р.Абдусалимов. - Қўшработ туманида ҳам аҳоли учун ҳали телевидениеда намойиш этилмаган “Снайпер”, “Элпарвар”, “Термизий” каби миллий кинофильмлар намойиш этилди. Эрталабки сеансларимизда эса кўпроқ болажонлар учун мультфильмлар қўйилмоқда.
Туман аҳли кинотеатрни анча соғинганини кўриш мумкин. Тўғри баъзан вилоятимиздаги театрлар аҳолимиз учун ўзларининг томошаларини кўрсатиб кетишмоқда. Лекин кўпчилик буни билмай ҳам қолмоқда. Асосан давлат идораларида ишлаётганларгина хабардор бўлиб қолмоқда. Наҳотки, туманимизда биронта ҳам кинотеатр бўлмаса. Ҳеч бўлмаганда эски кинотеатрни таъмирлаш вақти келмадимикин?
Ш.ЗИЁДДИНОВ,
туман маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи.