Алимент тўлаш бўйича суд қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Бунда маъмурий жазо сифатида ўн беш суткага маъмурий қамоққа олиш белгиланади.
Маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахслар (ҳомиладор ёки уч ёшгача боласи бўлган аёллар, ўн тўрт ёшгача бўлган боласини ўзи тарбиялаётган шахслар, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар, I ва II гуруҳ ногиронлари) эса энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима тўлайди.
Агар маъмурий жазо қўлланилгандан кейин ҳам шахс болага алимент тўламаса унда жиноий жавобгарликка тортилади.
Жиноий жазо ушбу жиноят учун икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш деб белгиланган.
Агар шахс алимент бўйича қарздорликни тўлиқ қоплаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.
С.Ёвғошев (исми ва фамилияси ўзгартирилган) “Юқори Жўш” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Жўш қишлоғида яшайди. Дўстлик туманлараро суди томонидан 2015 йил 20 апрель кунги суд буйруғига асосан беш нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/2 қисми миқдорида собиқ турмуш ўртоҚи Н.Бектошевага алимент ундириш белгиланади. Лекин С.Ёвғошев 2019 йилнинг январь ойидан июнь ойига қадар 2 636 164 (икки миллион олти юзи ўттиз олти минг бир юзи олтмиш тўрт) сўм миқдоридаги алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келади.
Қўшработ туман Маъмурий суди томонидан С.Ёвғошевга нисбатан 3 (уч) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
А.ЭРМАТОВ,
Мажбурий ижро бюроси туман бўлими давлат ижрочиси.