Туман марказидаги “Ёшлар боғи”да Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган байрам тантаналари бўлиб ўтди.
Байрам арафасида ушбу боғ чинакамига чирой очди. Йўлакларига плиталар ётқизилди, ёритиш чироқлари ўрнатилди, арча ва бошқа манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Боғнинг ўртасига турли рангларда жило бераётган фаввора ўрнатилди.
Даставвал байрамга ташриф буюрган меҳмонлар боғнинг ана шу янгиликларидан бохабар бўлишди, фаввора олдида эсдалик учун суратга тушишди.
Сўнгра байрам арафасида қуриб битказилган, 2200 ўринга мўлжалланган амфитеатрда тадбирнинг бадиий қисми бошланди. Саҳнада туман маданият бўлимига қарашли бадиий жамоалар, 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари, “Кончи” маданият уйи бадиий жамоаси ва Заркент шаҳарчасидаги ҳарбий қисм аскарлари томонидан байрам дастури намойиш этилди.
Амфитеатрга ўрнатилган саҳнага туман ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев таклиф қилинди.
У киши байрам тадбирига йиғилганларни энг улуғ, азиз байрам билан қутлаб, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда босиб ўтилган мураккаб, айни пайтда шарафли йўлимизга тантана иштирокчиларининг эътиборини жалб этар экан, Ватанимиз озодлиги нақадар машаққатли, халқимизнинг оғир ва фидокорона меҳнати эвазига қўлга киритилгани, мустақил тараққиётимиз давомида мамлакатимизда амалга оширилган асрларга тенг келадиган ишлар беихтиёр кўз ўнгимиздан ўтади, дея таъкидлади.
Шу маънода бу йилги байрам шодиёналари ҳам “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган эзгу шиор остида ўтказилиши мустақиллигимизнинг туб мазмун-моҳиятини ифодалаб турибди.
Мамлакатимизнинг тарихан қисқа даврда ўзини ўзи боқишга қурби етмаган ночор ўлкадан ўз кучи ва салоҳиятига таянган, ўз сарҳадлари, ўзининг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоялашга қодир бўлган, бугун изчил ва барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган замонавий, мустақил ва суверен давлатга айлангани барчамизга ғурур-ифтихор бағишламоқда ва аксарият халқаро кузатувчиларнинг ҳавасини тортмоқда.
Дарҳақиқат, ҳеч нарса осмондан тушмайди. Мақсадга, бахт-саодатга эришишнинг ўзи бўлмайди. Бу кунларга етгунча халқимиз не-не машаққатларни бошидан ўтказди. Аввало ўз қудрати ва ўз давлатига ишониб, ҳаммасини енгиб ўтди. Бугун ўша сабр-тоқатнинг, тинимсиз меҳнатнинг роҳатини кўрмоқдамиз.
Юртимизда ҳар бир инсон эъзоз ва эътиборда. Болалар спорт билан машғул. Ёшлар билим олиш, касб эгаллаш иштиёқида. Ота-оналар тўйлар қилсам, болаларимнинг камолини кўрсам, деган яхши ният билан меҳнат қилаётир. Ёши улуғлар фарзандларини, эл-юртимизни дуо қилиб, тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечирмоқда.
Юртимизнинг ҳар бир гўшасида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари асосида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Дунё миқёсида ҳам ноёб саналган йирик заводлар, саноат корхоналари бунёд этилаётир.
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Мустақиллик кунини кенг нишонлаш истиқлол йилларида муҳим ижтимоий-сиёсий воқеага, қутлуғ анъанага айланиб қолди. Бу улуғ айёмга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда, кўтаринки руҳда нишонлашда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган илҳомбахш қарорнинг аҳамияти катта бўлди.
Мустақиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишлаб чиқилган Дастурда, аввало, қайси масалаларга алоҳида эътибор қаратиш, аҳоли ўртасида ўтказиладиган тарғибот-ташвиқот ишларида қандай мавзуларни жонли суҳбат ва мулоқотларнинг асосий йўналиши деб белгилаш лозимлиги ўз ифодасини топди. Давлатимиз раҳбари томонидан мустақиллик деган буюк тарихий ҳодисанинг қадр-қиммати ва аҳамияти ҳақида фикр юритганда айнан қандай муҳим мисолларга тўхталиш мақсадга мувофиқ экани, барча соҳаларда эришган ютуқ ва марраларимизни кенг оммага етказиш, ҳаётбахш ислоҳотларимизнинг маъно-мазмунини янада теран очиб бериш лозимлиги ва бошқа муҳим вазифалар аниқ-равшан белгилаб берилди.
Бу, бир томондан, байрамга тайёргарлик доирасидаги ишларни осонлаштирди, тадбирларнинг сифат ва самарадорлигини кўтаришга хизмат қилди. Иккинчи томондан, қарорнинг барча ижрочиларига катта масъулият юклади.
Туманимизда мустақиллик байрамига тайёргарлик жараёнида кўпгина ишлар амалга оширилди. Айниқса, қишлоқларимиз ўзига хос чирой очмоқда. Янгидан-янги инфратузилма объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилиш арафасида. Буларга хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан нонвойхона, стоматология биноларини мисол тариқасида айтишимиз мумкин.
- Кейинги йилларда туманимизда амалга оширилаётган ишлардан фахрийларимиз ҳам хурсанд бўлмоқда,-деди 82-умумтаълим мактабида биология фанидан сабоқ берган, ҳозирги кунда нафақа гаштини сураётган Абдуқодир Абдувоҳидов. -Айниқса, туман марказидан нуронийлар учун алоҳида бино қурилгани, ҳамма шарт-шароитлар билан таъминлангани ҳаммамизни беҳад мамнун қилди.
Ахир, бундай дориломон кунларни кўрамиз деб ҳеч ҳам ўйлаганимиз йўқ эди. Аллоҳга шукурки, кўришни насиб эттирди. Мамлакатимиз шундай тез ривожланиб бормоқдаки, дунё ҳамжамияти ҳам буни эътироф этмоқда.
Байрам иштирокчилари тадбирга таклиф этилган халқимизнинг севимли хонандаси, муҳаббат куйчиси Анвар Санаев ижро этган ажойиб қўшиқларни мароқ билан тинглаб, мириқиб хордиқ чиқариб, рақсга тушдилар. Шунингдек, тумандошимиз, қизиқчи Фазлиддин Болиқуловнинг ичакузди кулгиларидан баҳраманд бўлишди.
Байрам тантаналари юксак савияда ўтди. Ўйингоҳдан чиқар эканмиз ким билан суҳбатлашмайлик байрам тантанасига қатнашганлигидан беҳад хурсандлигини билдириб, Президентимиз раҳнамолигида юртимиз янада обод, турмушимиз фаровон, ҳамиша тинч ва осойишта бўлишини тилаб, ўзларининг дил изҳорларини изҳор этишди.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.