Маълумки, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттирганлиги билан ҳам ўзига хос саналиб, бундай маросимларни ўтказишда миллий менталитетимиз, қадриятларимиз ва урф-одатларимизни инобатга олиш, меъёридан ортиқ дабдаба, исрофгарчиликларга йўл қўймаслик муҳимдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги Қўшма қарори билан тасдиқланган “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги Низом халқимизнинг миллий урф-одатлари, маънавияти, маданияти, анъаналари ва қадриятларини ҳурмат қилишга, жамоат тартибини сақлашга, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, тўйлар ва бошқа оилавий тадбирларни ўтказишда дабдаба ва исрофгарчиликнинг олдини олишга қаратилган.
Мазкур Низомга кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади. Дафн этиш маросими бундан мустасно.
Бунда ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан ош бериш маросимининг вақти алоҳида белгиланиши мумкин.
Соат 23:00 дан кейин тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида эса 250 нафаргача киши қатнашади.
Бундан ташқари, қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида эса 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.
Ўз навбатида, дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан уч кун мобайнида чекланмаган миқдордаги фуқаролар иштирокида ўтказилиши мумкин, ош бериш маросими эса бундан мустасно.
Низомга мувофиқ, оилавий тадбирларни ўтказишда қуйидаги талабларга риоя этиш шарт:
-тўй ўтказувчи шахслар тўйдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши;
-никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланмаслик;
-тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда пулли автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўймаслик, тўй эгаларининг шахсий автомашиналаридан ҳамда ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно;
-шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик;
-маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказмаслик, жамиятда шаклланган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиш.
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига баҚишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, республика “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўз ваколатлари доирасида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилиши устидан жамоатчилик назорати ташкил этилишини таъминлайди.
Ойбек ШИРИНОВ,
туман адлия бўлими бошлиғи.