Туманимиз тоғли ҳудуд бўлгани учун аҳолимиз молларини бемалол ўтлашлари учун яйловга қўйиб юборишади. Бу азал-азалдан шундай бўлиб келган. Ҳеч ким бировнинг молига кўз олайтирмайди. Мол эгалари ҳам ҳар замонда бир бориб, мол-ҳолларидан хабар олиб келишади. Бу эса одамлар ўртасидаги ўзаро ишонч, меҳр-оқибат туйғусидир. Лекин шундай инсонлар борки, бировнинг ҳақидан уялмай, ўғирликка қўл уришади.
И.Шарипов (исми ва фамилияси ўзгартирилган) “Қувкалла” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Қувкалла қишлоғида яшайди. У ўзи истиқомат қиладиган Қувкалла қишлоғида “Қоратош тоғ тизмаси” ён бағирларида аҳоли томонидан моллар қаровчисиз қўйиб юборилишини кузатиб юрарди. Ишсиз бўлганлиги, пулга муҳтожлигига қарамасдан, ҳалол меҳнат қилишга рўйхушлиги йўқ эди. Пул топишнинг эса осон йўлларини қидира бошлади. Тоғдаги молларнинг қаровчисиз юрганлигини кўрган И.Шариповнинг хаёлига шум ният келади.
Хуллас, И.Шарипов ўзига таниш бўлган ҳамқишлоқлари С.Валиев, А.Каримов ҳамда “Қўштамғали” МФЙда истиқомат қилувчи, Зармитан олтин кони ишчиси С.Бегалиев (исми ва фамилиялари ўзгартирилган) билан мол ўғирлаш режасини тузишади. Яъни, қаровчсиз қолдирилган молларни тоғ орқали олиб ўтиб Фориш туманига олиб боришни кўзлашади. Бунинг учун Фориш туманида истиқомат қилувчи Н.Шокировни (исми ва фамилияси ўзгартирилган) ўзларига шерик қилиб олишади.
Даставвал ҳамтовоқлар жорий йилнинг 14 июнь куни кеч соат 21-00 лар атрофида 4 бош иккита қизил рангли Қуножин ва икки бош хўкизни ўғирлаб, тоғ орқали ҳайдашади. Афсуски, йўлнинг узоқлиги, транспорт воситасиз олиб кетиш қийинлиги сабабли бу ўғирлик режаси амалга ошмай қолади.
2019 йил 19 июнь куни эса кеч соат 20-30лар атрофида Қувкалла қишлоғидаги “Қоратош тоғ тизмаси” ёнбағрида ўтлаб юрган 5 бош хўкизни ҳайдаб Лалаҳовуз қишлоғига тушишади ва одам йўқ жойга олиб бориб қамашади. И.Шарипов эрталаб хўкизлардан хабар олишга борса, 1 бош хўкиз таниши Асқар аканики эканлигини танийди ва дарров уни чиқариб ҳайдаб юборади.
Молларни Фориш туманига олиб бориш учун транспорт воситаси керак эди. Тез орада бу ҳам топила қолди. Ҳамтовоқ ўғрилар 4 бош хўкизни Б. Хатамовга тегишли “Газель” русумли автоуловга ортиб, Фориш тумани “Осмасой” чорва бозорига олиб боришади.
Афсуски, мол ўғриларининг бу ерда иши юришмайди. Уларнинг юришини, ўзини тутишларини кўрган бозордаги даллоллар моллар ўғирланганлигини сезишади ва дарров ички ишлар бўлимига хабар қилишади. Шу билан мол ўғрилари қўлга тушади.
Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан ушбу мол ўғриларига тегишли қонний жазо чоралари қўлланилди.
И.ҒУЛОМОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.