Ботулизм (лотинча сўз бўлиб, “botulus” - колбаса сўзидан олинган) заҳри биологик фаоллиги жиҳатидан бошқа микроб ва токсинлардан энг кучлиси ҳисобланади, унинг 3 мигрограмми одамни ҳалок қилиши мумкин.
Ботулизм касаллиги овқатдан заҳарланишнинг энг оғир тури ҳисобланиб, аксарият ҳолларда уй шароитида тайёрланган помидор, бодринг, бақлажон икраси ва бошқа консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида юзага келади. Ботулизм микроби консерваланган озиқ-овқат маҳсулотларида, кислородсиз муҳитда тез кўпаяди. Унинг яширин даври 2 соатдан 3-4 кунгача чўзилади.
Касалликнинг аломатлари ҳолсизланиш, кўнгил айниш, қайт қилиш, кўз хиралашиши, жисмларнинг иккита бўлиб кўриниши, ютиш ва гапириш қобилияти сусайиши, қорин соҳасида оғриқ бўлиши, бўйин ва оёқ мушакларининг заифлашиши, беморнинг юришга қийналиши каби ҳолатларда намоён бўлади.
Касалликни хонадон шароитида ўз билганича даволаш қатьиян ман этилади. Шунингдек, касаллик аломатлари сезилганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Ботулизмдан сақланиш учун қуйидаги кўрсатмаларга риоя қилиш зарур:
-бозорларда ноқонуний равишда сотилаётган, уй шароитида тайёрланган, сифати кафолатланмаган дудланган гўшт, балиқ ҳамда мева-сабзавот, консерва маҳсулотларини харид қилманг;
-дўкон ва бозорлардан сақлаш муддати ўтган, ёрлиғи йўқ, идишлари бутунлиги бузилган, сертификати бўлмаган консерва маҳсулотларини харид қилманг. –ҳар қандай герметик ёпиқ идишларда сақланган озиқ-овқат маҳсулотларини, консервалар, тузланган ва мураббо шаклида, колбаса ва бошқа маҳсулотларни олдиндан термик (30 дақиқа қайнатиб ёки қовуриб) ишлов берилмасдан истеъмол қилманг;
-ўзингиз ёки яқинларингизда касалликнинг юқорида қайд этилган аломатларини сезсангиз, зудлик билан энг яқин тиббиёт муассасасига мурожаат қилинг ёки тез ёрдам чақиринг. Фақатгина ўз вақтида кўрсатилган махсус тиббий ёрдамгина беморнинг ҳаётини беталофат сақлаб қолишга имкон яратади.
А.СУВАНОВ,
туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими мудири.
Р.СУННАТОВА,
туман Саломатлик маркази врачи.