Жорий йилнинг январ ойида вилоят миқёсида ўтказилган «Энг яхши китобхон оила» танловининг мутлақ ғолиби қўшработлик Мусурмоновлар оиласи деб топилганди. Танловда биринчи ўринни эгаллаган ғолиб оилага вилоят ҳокимининг соврини - «Спарк» автомобили ваъда қилинган эди. Жорий йилнинг 25 июнь куни танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди ва туманимизнинг фахри бўлган Мусурмоновлар оиласига вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов томонидан "Спарк" автомобили топширилди.
Туманимизнинг сўлим гўшаларидан бири бўлган Пангат қишлоғида истиқомат қилаётган ушбу оиланинг фарзанди, Самарқанд давлат университети магистранти Камола Мусурмонова ҳам жорий йилнинг 8-март арафасида “Зулфия” номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган эди.
Дарҳақиқат, китоб – тафаккур қаноти. Бу қанот мустаҳкам бўлса, юксак кенгликлар сари интилишдан толмайди. Китобга бўлган қизиқиш ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий дунёсини бойитишга хизмат қилади. Ҳар бир инсон китоблар орқали унинг маънавий хазинасидан, чексиз имкониятидан иложи борича кўпроқ фойдаланиб, ўзининг, ўзгаларнинг ҳаётини мазмунан бойитиши мумкин. Китоб-руҳиятимиз озуқаси, у билан дўстлашиш нафақат бизни маънан юксалтиради, балки жаҳонга танитади, эзгуликка етаклайди. “Энг яхши китобхон оила” вилоят танловининг ғолиби Мусурмоновлар оиласига китоб ўқишга, мутолаа маданиятини оширишда чарчаманг, деймиз.