Пангат қишлоғи туманимизнинг тоғли ҳудудида жойлашган бўлиб, мусаффо ҳавоси, сўлим табиати билан машҳурдир. Тоғлари гуллар атрига буркангани навбаҳор насими ҳамал кирганини, қут-барака ва тўкин-сочинлик палласи бошланганини англатади. Ариқ бўйларида ялпиз-у чучмома тераётган қизалоқлар юз-кўзидаги хуш кайфият момолар дуоси билан дилларга кўчади. Яқиндагина ана шу қизалоқлар каби баҳор шамоли билан қувлашиб юрган Камола Мусулмонова “Зулфия” номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди ҳамда эришган муваффақияти билан ота-онаси, устозлари фахрига айланди.
Миллий адабиётимизнинг ёрқин намояндаси номи билан аталган ушбу мукофотга сазовор бўлиб, кўксига нишон таққан ҳар бир қиз бахт ва баҳор куйчиси, ҳассос шоира ва таржимон, моҳир журналист, меҳрибон она ва устоз Зулфия сиймосига юксак ҳурмат-эҳтиром билан қараб, бу улуғ инсонни ўз ҳаёт йўли, изланишларида уни доимо ибрат тимсоли деб билади.
-Тоғли бир қишлоқда вояга етган мен каби оддий қизга Президентимиз қўлидан давлат мукофотини қабул қилиб олиш ҳаётимдаги энг унутилмас воқеа бўлди,-дейди Камола Мусулмонова. -Болалигимдан китобга бўлган меҳрим туфайли туман миқёсидаги кўплаб тадбирларда иштирок этардим. Уйимизда мўъжазгина китоб фондимиз бор. Унда 1000 га яқин турли хилдаги китоблар мавжуд.
Туман марказидаги 82-умумтаълим мактабида таҳсилни олганман. Устозларим она тили ва адабиёти ўқитувчилари Қамара Бекова ҳамда Дилбар Ўроқоваларнинг дарс бериш жараёнларини кузатиб, уларга ҳавас қилиб Самарқанд Давлат университети филология факультетига ўқишга кирдим. Бу ерда ҳам устозим, профессор Муродқосим Абдиевдан фан сирларини ўрганмоқдаман. Ҳозирги кунда ушбу таълим даргоҳининг ўзбек тили ва адабиёти факультетининг 2-босқич магистрантиман.
Даставвал, туманимизда ўтказилган турли хил танловларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритдим. Институтда ўқиш жараёнида ҳам кўплаб танловларда иштирок этдим. Жумладан, 2017 йилда “Ёш китобхонлар” Республика кўрик-танловида “Ёш ижодкор талаба” йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритдим. 2018 йилда Республика ёш ижодкорларининг “Зомин” семинарида, “Ёш китобхон” танловининг вилоят, республика босқичларида иштирок этдим.
Китобга меҳрим бошқача. Доимо қўлимдан китоб тушмайди. Яқинда оиламиз билан “Китобхон оила” танловининг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритиб, вилоят ҳокимининг соврини “Спарк” автомобили топшириладиган бўлди.
Шеъриятга ҳам қизиқаман. Барча шеърларимни тўплаб, “Беғубор болалик” номли китобимни нашрдан чиқардик.
Албатта, буларнинг барчаси замирида юртимиздаги тинчлик, иқтидорли ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор, ота-онам ва устозларим тарбияси ва ўгитлари, Яратган томонидан менга ато этилган истеъдод ва тинимсиз изланишларим турибди.
Келгусида Президентимиз, давлатимиз билдирган юксак ишонч ва эътиборга лойиқ бўлишни шарафли бурчим деб биламан.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.