Туман ҳокимлиги катта мажлислар залида Самарқанд вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан Қўшработ туманидаги 42 та маҳалла фуқаролар йиғинлари иштирокида фуқаролар йиғинларида хизмат фаолиятига оид ҳужжатлар ва улар билан ишлаш тартиби мавзусида семинар ўтказилди.
– Семинарни ўтказишдан асосий мақсад, маҳалла фаолиятини самарали ташкил этиш, иш ҳужжатларини юритиш бўйича илғор тажрибаларни оммалаштириш, – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси бошлиғи Асқар Умаров. – Қолаверса, бу борада туманда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, профилактика инспекторлари, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида “Обод ва хавфсиз маҳалла” концепцияси доирасида амалга оширилаётган ишлар, маҳалла тизими нуфузини ошириш, маҳаллани обод ва хавфсиз масканга айлантириш борасидаги ишлар билан яқиндан танишишдан иборатдир.
Семинарда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси ходими Абдусамат Қўзибоев томонидан иштирокчиларга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Фуқаролар йиғинларида иш ҳужжатлари ва уларни юритишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги йўриқнома”нинг мазмун-моҳият, маҳаллалардаги иш ҳужжатлари йиғма жилди, иш дафтарларини юритиш бўйича тавсия ва тушунчалар берилди.
Бундан ташқари, фуқаролар йиғинларида “Маҳалла паспорти”, “Хонадон дафтари”, “Тўй-ҳашамларни ўтказишни рўйхатга олиш дафтари”, “Хонадон томорқа паспорти”, “Умра ва ҳажга кетувчиларни рўйхатга олиш дафтари”, “Кириш ва чиқиш ҳужжатларини рўйхатга олиш дафтари”, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қайд этиш дафтари”, “Фуқароларни қабул қилиш дафтари” сингари қатор иш дафтарлари юритилади.
Семинар доирасида “Обод ва хавфсиз маҳалла” концециясини амалга ошириш, самарали фаолият юритиш юзасидан белгиланган рейтинг бўйича юқори балл олган тумандаги қатор маҳалла фуқаролар йиғинларининг раисларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Шунингдек, семинар иштирокчилари “Минишкор” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳужжатлар билан ишлаш бўйича амалга оширилган ишлар билан танишишди.
Семинарда туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев иштирок этди.