Роппа-роса 45 ёшни қаршилаган, 3 фарзанднинг отаси бўлган А.Б. жорий йилнинг 16 июль куни Қўшработ туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳовлисида 1 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини парвариш қилиб келаётганлиги аниқланди.
Тезкор суриштирув ишларидан маълум бўлишича А.Б жорий йилнинг май ойида “Қўшработ деҳқон бозори” МЧЖга қарашли бозордан унга нотаниш бўлган бир кишидан 100 туп миқдорида помидор кўчатини турмуш ўртоғи Х.З. сотиб олади. Ушбу кўчатларни яшаш уйи ёрдамчи хўжалиги ҳисобланган оғилхона орқа томонида жойлашган томорқага турмуш ўртоғи билан биргаликда экишади. Ниҳоллар униб чиққанда улар орасидан бир дона “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги ўсганлигини кўриб қолишади. Лекин уни олиб ташлаш ўрнига, парваришлашни бошлайди.
Афсуски, оиладаги ўзаро тортишув туфайли, турмуш ўртоғи Х.З. билан келишолмай қолади. Натижада турмуш ўртоҚи Х.З. маҳалла профилактика инспекторига яшаш уйи томорқасида помидор кўчатлари орасида бир туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигига ўхшаш тақиқланган экинни етиштириб, парваришлаб келаётганлиги ҳақида маълумот беради.
Туман ИИБ ходимлари холислар иштирокида 1 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини ҳужжатлаштириб, ашёвий далил тариқасида олиб кетишади.
Суд, судланувчи А.Б. нинг содир этган жиноятни қасддан содир этилган унча оғир бўлмаган жиноят деб ҳисоблаб, унинг қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, қарамоғида 3 нафар фарзанд борлиги, оиласида ягона боғувчи эканлигини ҳисобга олиб ҳар ойда иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Ана шундай қилиб, жиноят жазосиз қолмади. Аслида помидор кўчати орасида кўкариб чиққан, нотаниш ўсимликни улоқтирса ҳам бўларди. Аммо нафс деган бало борки, ҳар қандай хожасини ботқоқлик гирдобига ташлайди.
Меҳрож РАШИДОВ,
туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси суриштирувчиси.