Аҳолининг ишсиз қатламини тубдан камайтириш, уюшмаган ёшларни тадбиркорликка жалб этиш борасида ҳоким ва сектор рахбарлари иштирокида ҳудудий учрашувлар ўтказилиб келинмоқда. Навбатдаги сайёр қабул туманимизнинг 3-сектор ҳудудида жойлашган "Қўшработ" маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди.
Учрашувда Давлат хавфсизлиги хизмати Каттақўрғон туман бўлими ходимлари, туман ҳокими ўринбосари Х.Кўбаев, ташкилот ва корхона раҳбарлари ҳамда ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари иштирок этишди.
Дастлаб ушбу маҳалладаги мавжуд шароит ва имкониятлардан келиб чиқиб турли йўналишдаги тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйиш ва қўшимча иш ўринларини яратиш хусусида сўз юритилди. Сўнгра фуқароларни қийнаётган муаммолар тингланди. Жумладан, фуқаро И.Искандаров электр энергиясидаги узилишлар ҳамда қишлоғига кўмир етказиб берилмаётгани борасида, Д.Жумақулов савдо дўкони очиш учун ер ажратишда, Р.Холмуродов кўприк қуриш борасида ёрдам сўраб мурожаат қилдилар.
Фуқароларнинг аксарият муаммолари шу жойнинг ўзида ҳал этилиб, ўрганиш талаб этувчи муаммоларнинг ечими қисқа фурсатларда бартараф этилиши таъкидланди.
Ислом БОБОҚУЛОВ.