Ҳаёт - оқар сув, дейишади. Кўз очиб юмгунча вақт ўтиб кетгани, кунлар ойлар, ойлар йилларга айланишини сезмай қоласан киши. Айниқса, қиз бола қандай тез улғайганини сезмай қоласан киши. Кечагина чопқиллаб юрган, бувисининг эртакларини тинглаб ором олган, ойиларининг рўмолларини ёпиниб, келин салом қилиб ҳамманинг этиборини тортган жажжи қизалоқ ўсмир ёшига етиб турибди. Ўсмир ёшдаги фарзандларнинг жиловини бир маромда ушлаб туриш ота-оналарга ҳам осон эмас. Бу пайтда гап уқтириш ҳам мушкул бўлиб қолади. Барча қийинчиликларни енгиб, ўзаро ишонч ва самимий муносабатни сақлаб қолиш учун ота-оналарнинг баъзан тажрибаси ҳам етмай қолаётганлигининг гувоҳи бўлаяпмиз.
Оилада тарбия топаётган ҳар бир қизалоқ онага қараб қадам босади. Зебу-зарга ўч оналарнинг қизлари ҳам худди шундай молпарастликка эҳтиёж сезишади. Соатлаб телефонда гаплашса, тош ойна олдида ўзига оро бериб ўтирадиган бўлса ҳам бу оналар бундай ҳолатларни зарурат деб қабул қилишади.
Қиз болаларни оқликни таниганидан бошлаб рўзғор юмушларига ўргатиб бориш керак. Шундагина уларнинг бекорчи вақти кам бўлади. Айниқса, қиз бола вояга етаётган хонадон беги оғзига қараб гапириши керак. Бўлар бўлмасга яхши оғзидан ёмон сўкинаётган оталарни ҳам учратиб турибмиз. Ота-онадаги бир-бирига бўлган муносабатни ёшларимиз турк сериалларидан ўзлаштирмаяптимикан? Йўқ. Баъзан катталар орасида ҳам болалар олдида уларга эшиттириб, мана шу қизингни кенжамга келин қиламан, - дегувчилар ҳамон топилади. Бу билан ҳали ўйинқароқ қизни ҳам, болани ҳам ҳайратга солади. Уларнинг мурғак қалбини бузади. Ёшлигида эшитган мана шу сўзлари орқали бир-бирини ёқтирмай қолган ўғил-қизларни ҳам кўрдим.
Бугунги оналарку майли оталар ҳам қизим қолиб кетади, - дея куйинишадида, эртароқ турмушга беришга ошиқишади. Сиз яхши бўлсангиз қизингиз нега қолади, дегим келади. Ундан кўра унга касб ўргатинг, илмли қилинг. Қизингизнинг чин бахтини ўйласангиз эртароқ узатишни эмас, эрта индин у борадиган хонадонни гуллатиши, катталарни ҳурмат қилдиришни, ширинсухан бўлишликни уқтиринг. Шундагина бирон жойга келин бўлиб тушганда уйингизга ҳар хил гапларни қилиб, хўмрайиб эшигингизга қайтмайди.
Оиланинг, эр-йигитнинг мавқеини аёлнинг оқилалиги, ширинсўзлиги, пазандалиги оширади. Бир қулоч тили эмас. Шундай экан, эркак ҳам, аёл ҳам қизлари олдида тилига эрк бериб, бир-бирига меҳрибонлик кўрсатса, шундагина қизи бир оиланинг бахтли бекаси бўлади.
Навотой ШОДИЕВА,
“Янгиқишлоқ” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси.