Туман ҳокимлиги ҳамда жисмоний тарбия ва спорт бўлими ташаббуси билан нуронийлар, ёшлар ҳамда корхона ва ташкилот ходимлари иштирокида "Саломатлик учун 5 минг қадам" шиори остида оммавий пиёда юриш марафони ўтказилди.
Мазкур марафон туман ҳокимлиги олдида бадантарбия машғулотлари билан бошланиб, 5-сон Болалар мусиқа ва санъати мактаби, туман ички ишлар бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси йўналиши бўйлаб давом эттирилди.
Мунтазам равишда пиёда юриш юрак-қон томир касалликлари хавфини олдини олади ва танадаги ортиқча калорияни йўқотишда ёрдам беради.
— Пиёда юрган одам ҳар томонлама соғлом, кайфияти ҳам юқори бўлади, — дейди “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими кексалар ва фахрийлар бўйича ўринбосари Шавкат Жаниқулов. —Бугунги акция эса соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга хизмат қилади. Шундай экан, ҳаётингизнинг бирламчи муҳим омили бўлган соғлигингизга вақтида эътибор қаратиб, кунингизнинг маълум бир вақтини оилангиз ёки дўстларингиз билан пиёда юриш билан ўтказинг.
Юртимизда аҳоли саломатлиги муҳофазаси бирламчи ўриндадир. Айниқса, сўнгги йилларда бу масалада асосий эътибор касалликлар билан курашишга эмас, аҳолининг тиббий ва санитар-гигиеник маданияти даражасини ошириш ҳамда тизимли профилактикага қаратилмоқда. Шу аснода, яқинда туман ҳокимлиги ташаббуси билан корхона ва ташкилотлар ўртасида мини футбол мусобақаси ҳам ташкил этилди.
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш, одамларни кўпроқ дорига эмас, балки тўғри овқатланишга, спортга ўргатиш лозим. Уларнинг ҳар ким ўз саломатлиги учун ҳеч бўлмаганда кунига 5 минг қадам пиёда юриши борасида билдирган тавсияларига ёшу-кексалар бирдек соғлом ҳаёт тарзини тарғиб этаётган марафонларда жисмоний фаоллик кўрсатаётгани барчамизни қувонтирди.
Ўз мухбиримиз.