Туманимизда 18-25 декабрь кунлари ўтказилган "Ёшлар фестивали" тадбирлари Жўш ҳудудида туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Х.Кўбаев бошчилигида матбуот анжуманидан бошланди.Ҳафта давомида давом этган ушбу тадбир ёшлар маънавиятини янада юксалтириш, уларни умуммиллий ҳамда буюк аждодлар руҳида тарбиялаш мақсадида Қўрғон қишлоғида "Эргаш Жуманбулбул" музейида ташкил этилган тадбир билан бошланди. Учрашув давомида ёшлар буюк бахши бобомиз Эргаш Жуманбулбул ўғлининг ҳаёти ва ижоди билан яқиндан танишдилар. Музейнинг зал қаровчиси А.Синдоров томонидан 18-19 асрга тегишли ноёб экспонатлар ва қадимий хўжалик буюмлари кўргазмаси ташкил этилди. Буюк оқинлар сулоласининг кичик давомчиси Суннатилло бахши Бектемир ўғли томонидан куйланган қўшиқлари билан бахшичилик кечасига айланиб кетди.
Шунингдек, ёшлар ҳафталиги доирасидаги яна бир тадбир туман марказидаги 5-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилди. Ушбу тадбир ранг-тасвир соҳасига меҳр қўйган санъатсевар ёшларни ўз бағрига чорлади. Тадбирда устоз ижодкорлар билан бир қаторда ёш рассом ва ҳайкалтарошлар иштирок этишди.
Дастлаб мўйқалам соҳиби И.Искандаровнинг расмлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда ёшлар тасвирий санъатга оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишдилар. Ушбу тадбир ёш санъатсеварлар учун чин маънодаги маҳорат дарсига айланди.
Ёшларни китобга жалб этиш, мумтоз ва замонавий адабиётга янада қизиқтириш мақсадида ташкил этилган шеърият кечаси туман Ахборот кутубхона марказида бўлиб ўтди. Тадбирда Ёшлар иттифоқи ва Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими вакиллари, "Қалқон ва жасорат" мактаби ҳамда "Дилмунчоқ" ёш қаламкашлар клубининг ижодкор ўқувчилари иштирок этишди.
Тадбирда "Дилмунчоқ" клубининг бадиий рахбари М.Мусақулов ижодкорларнинг жорий йилда эришган ютуқлари ва келгуси режалар хусусида батафсил тўхталиб ўтди. Сўнгра ёш истеъдод соҳиблари томонидан Ватан туйғуси, она меҳри, дўстлик, табиат гўзалликлари акс эттирилган шеърлар ижодий мушоирага айланиб кетди. Ёш ижодкорларнинг шеърлари устозлар томонидан баҳолаб борилди. Тадбирда фаол иштирок этган ёшларга ташкилотлар томонидан фахрий ёрлиқлар ҳамда китоблар жамланмаси туҳфа этилди.
Яна бир тадбир ёшларни тадбиркорликка йўналтириш борасида бўлди. Унда ёшлар “Мувафаққиятга эришиш сирлари” лойиҳаси доирасида Қирқовул қишлоғида иссиқхона ташкил қилиб, тадбиркорлик билан шуғулланаётган Р.Болиқуловнининг иш фаолияти билан танишишди.
Учрашувда мактаб ўқувчилари ҳамда уюшмаган ёшлар иштирок этишди. Суҳбат давомида тадбиркор ёшларга бизнес лойиҳа ва кредит олиш сирлари бўйича мотивация бериб ўтди.
Заркент шаҳарчасидаги ҳарбий қисмда ташкил этилган "Ватанпарварлик фестивали" тўпланган ёшлар қалбида она-юртга муҳаббат, Ватанга садоқат туйғуларини уйғотиб, ҳарбийликка бўлган иштиёқни янада оширди. Учрашувда туман ҳокимлиги, мудофаа бўлими, мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти ходимлари ҳамда ёшлар иштирок этишди.
Тадбирда ҳарбий қисм хизматчиларининг жанговор чиқишлари ҳамда қурол-аслаҳалар кўргазмаси барчада катта таъссурот қолдирди.
Шунингдек, "Ёшлар фестивали" доирасида "Ҳоким ва ёшлар", "Рақамли технологиялар марказида кибер спорти" мавзуларида тадбирлар бўлиб ўтди.
И.БОБОҚУЛОВ.