Туман ҳокимлиги мажлислар залида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси туман кенгашининг янгиланган дастури ва сайловолди дастури лойиҳаси муҳокама қилинди. Унда партиянинг халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи, корхона, ташкилот ва муассасалардаги бошланғич ташкилот раислари иштирок этди.
Давра суҳбатида O’zLiDeP туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари Э.Болмонов партиянинг янгиланган дастури ва сайловолди дастури лойиҳалари бўйича маълумот берди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотлар, Сайлов кодексининг қабул қилиниши, мамлакат ижтимоий майдонида яна бир сиёсий партиянинг вужудга келиши ва бошқа бир қанча омиллар парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўладиган бу галги сайловлар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичда, очиқлик, ошкоралик тамойиллари ва партиялараро кучли рақобат, ғоялар ва дастурлар кураши остида ўтишидан далолат беради. Шу боис партиянинг дастури ва сайловолди платформаси лойиҳаси ҳам ана шу янгиланиш ва ўзгаришларга мос тарзда, Ҳаракатлар стратегияси асосида ишлаб чиқилган.
- Партиямизнинг асосий дастури ҳам, сайловолди дастури ҳам Ҳаракатлар стратегияси билан ҳамоҳанг бўлиши керак,-дейди O’zLiDeP туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари Э.Болмонов. - Хўш, амалда шундайми? Афсуски йўқ. Ҳозиргача беш йил олдин белгилаб олинган дастур билан фаолият юритиб келмоқдамиз. Ҳаракатлар стратегияси қабул қилингандан кейин дастурга сезиларли ўзгартириш киритилмаган. Асосий дастуримиз бугунги ислоҳотларга ҳамоҳанг эмаслиги етакчи партиянинг ҳозирги мавқеига умуман тўғри келмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, жорий йилнинг бошида O’zLiDeP сиёсий кенгаши ижроия қўмитасининг қарори билан партиянинг дастури ва сайловолди платформаси (дастури) лойиҳасини тайёрлашга қаратилган 5 та йўналишда ишчи гуруҳлар шакллантирилган ҳамда янги дастур лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Давра суҳбатида беш йўналишдан иборат дастурнинг ҳар бир йўналишида белгиланган вазифа ва мақсадлар атрофлича муҳокама этилди, иштирокчиларнинг таклифлари тингланди.
Тадбир иштирокчилари соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида хусусий секторни жадал ривожлантириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича ҳам муҳим таклифларни баён этди.
– Туманимиз ҳудудидаги экин майдонлари лалмикордир,- деди халқ депутатлари туман кенгаши депутати И.Арқаев. - Об-ҳавонинг инжиқлари туфайли қишлоқ хўжалиги экинларидан керакли ҳосилни олишнинг иложи бўлмаяпти. Айниқса, техника етишмовчилиги фермерларимизнинг ишини қийинлаштирмоқда. Шу сабабли партиямиз томонидан лалмикор майдонларга эга фермер хўжаликларига банклар томонидан 10 йил муддатга 5 фоизли кредит маблағи ажратиш таклифини билдирдик.
Ҳ.РАСУЛОВ.