Ёш авлод таълим-тарбиясида мактабгача таълим муассасаси ҳам муҳим ўринга эга. Шу боис, юртимизда айнан мактабгача таълим сифатига алоҳида эътибор қаратилиб, узлуксиз таълимнинг ажралмас бўлагига, яъни унинг дебочасига айлантирилди.
“Қўролос” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 5-сон мактабгача таълим муассасасида мактабгача тайёрлов гуруҳи болаларининг 34 нафари мактабга кузатилди. “Хайр боғча, салом мактаб!” тадбирида ота-оналар, маҳалла фаоллари, мактабгача таълим туман бўлими ходимлари иштирок этишди.
Мамлакатимизда болажонларнинг беғубор орзулар оғушида яшаши, ҳайратларга тўла олами уларнинг камолини кўриш ҳисси билан яшаётган ота-оналарини ҳам, уларга илк расм чизишни, гуллар ясашни, санашни ва қисқа сўзлардан гаплар тузишни, бир-бирига меҳрибон бўлишни, катталарни ҳурмат қилишни ўргатаётган тарбиячиларнинг ҳам қалбини завқу шавққа тўлдиради.
Ушбу муассасага икки қаватли замонавий типдаги бино жорий йилнинг апрел ойида болажонлар ихтиёрига топширилди. Боғча 75 ўринга мўлжалланган бўлиб, 8 нафар тарбиячи, 1 нафар мусиқа раҳбари таълим-тарбиядан сабоқ бераётган бўлса, инглиз тили тўгарагида инглизча салом бериш, уй ва ёввойи ҳайвонларни, табиат ҳодисалари ва қисқача танишув сўзларини бемалол гапириб бера олишаётгани қувонарли, албатта.
- Муассасада “Илк қадам” давлат дастури доирасида берилаётган таълим орқали ҳали мактабга бормасданоқ болаларимизда спорт ва фан соҳасига иштиёқ катта эканлигини сезамиз, - дейди 5-МТМ мудираси Гўзал Сайилбоева. – Улар орасидан иқтидорлилари ҳам кашф этилаяпти. Ота-оналар талаби ва болажонларнинг қизиқишларига қараб бор имкониятларимиздан фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз.
Тадбирда болажонлар муассасада ўрганган Ватан, устоз, тинчлик ва истиқлолни мадҳ этувчи шеърлари, куй-қўшиқлари орқали барчани хушнуд этишди. Бундан ташқари, боғча тарбияланувчилари Эъзоза Анорбоева, Элнур Тўхлибоев, Қалбинур Даминова, Барно Солиева, Камрон Ҳакимов ҳамда Ойбек Умрзоқов эртак қаҳрамонлари қиёфасида гавдаланиб, актёрлик қобилиятларини ҳам намойиш этишди, қардош халқлар мусиқаларига рақс тушишди.
-Болани мактаб таълимига тайёрлаш мураккаб ва узоқ муддатни талаб этиладиган жараён, - дейди тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Мунаввар Нуриддинова. - Бу мақсадга эришишнинг асосий йўли таълим сифатини оширишда деб биламиз. Кичкинтойларга замонавий таълим беришда янги инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш болаларни самарали мулоқотга, ўз фикрини ҳимоя қилишга ўргатади. Бу ердаги болажонлар доимо бизнинг меҳримиз оғушида. Уларга ўрганиб қолганмиз.
Унутилмас лаҳзаларга бой ўтган тадбир нафақат кичкинтойларга, балки ота-оналарга ҳам ниҳоятда манзур бўлди. Тадбир сўнгида болажонларга муассаса томонидан эртак китоблари тақдим этилди.
Тадбирда туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Х.Кўбаев иштирок этди.
Дилноза ҲАСАНОВА.