Туман марказидаги 1-давлат мактабгача таълим ташкилоти катта гуруҳ тарбиячиси Гулмира Улуғованинг “Ҳаво, ер усти ва сув транспортлари” мавзусидаги очиқ машғулоти бўлиб ўтди.
Машғулот дастлаб “Ўзбекистоннинг оқ олтини” шеърини болажонлар баравар ижро этиши билан бошланди. Сўнгра янги мавзу баёнини тарбиячи бошлаб бериши билан тарбияланувчилар давом эттириб кетишди.
Очиқ машғулот болалар гуруҳларга бўлинган ҳолда давом эттирилди. Болажонлардан кимдир транспортлар расмини чизган бўлса, яна бири қуриш-ясаш марказидан фойдаланди. Хуллас, ҳар бир бола эътибордан четда қолмасдан, машғулот мобайнида фаол иштирок этди. Айниқса, Билолнинг автобус, Райхонанинг кема, Жаҳонгирнинг эса поезд ҳақидаги ёддан айтиб берган шеърлари кўпчилик иштирокчиларни олқишига сазовор бўлди.
- - Бу каби очиқ машғулотлар тарбиячиларнинг касбий маҳоратларини ошириш ва ҳамкасблари билан ўзаро бирдамликни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади, - дейди туман мактабгача таълим бўлими таълим-тарбия сифатини таъминлаш ва методик хизматни ташкил этиш шўъбаси мудири Муяссар Жонзоқова. - Болалар иштирокидаги бундай қизиқарли чиқишлар уларнинг руҳиятига ҳам ижобий таъсир этади. Шунинг учун ҳам боғча тарбиячилари бир-бирининг машғулотини кузатиб, камчилик ҳамда ютуқларини ўрганиб чиқиб, доимо изданишда бўлишларини тақозо этади.
Дилноза ҲАСАНОВА.