Туман марказидаги 82-умумтаълим очиқ спорт мажмуасида фан олимпиадасининг туман босқичи ўтказилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 4 ноябрь санасидан умумтаълим мактабларининг 9-11 синф ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанларидан Республика фан олимпиадасининг туман босқичига бошланди. Тадбирда туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев олимпиадада иштирок этаётган ўқувчиларга синовлардан муваффақиятли ўтишларида омад тилаган ҳолда, ёшларимизнинг иқтидорини кашф этиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, қолаверса, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди.
Таъкидлаш керакки, жорий йилнинг 22-24 октябрь кунлари фан олимпидасининг биринчи босқичи мактабларда ўтказилган эди. Унда 10206 нафар ўқувчилар иштирок этиб, 6786 нафар иқтидорли ўқувчилар саралб олинди. Ушбу ўқувчиларнинг барчаси халқ таълими вазирлигининг oo.usedu.uz ахборот тизимига киритиб борилди.
– Ўтган йил сарҳисобига кўра олимпиаданинг туман босқичида иштирок этган 410 ўқувчининг 82 нафари вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритганди, - дейди туман халқ таълими бўлими мудири Ш.Қўшбоқов. – Жорий йилги фан олимпиадасида 2202 нафар ўқувчи иштирок этмоқда. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари таркибига мутахассислигига қараб тумандаги энг илғор ўқитувчилар ҳамда методистлар жалб этилди. Мақсадимиз ўқувчиларимиз билан фан олимпиадасининг Республика босқичида қатнашиб, тегишли фан йўналишида олий ўқув юртига кириш имтиёзларини қўлга киритиш.
Фан олимпиадасининг туман босқичи шаффофлик билан карантин қоидаларига амал қилган ҳолда давом этмоқда. Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг туман босқичи давом этмоқда.
Ислом БОБОҚУЛОВ,
“истиқбол сари” газетаси мухбири.
Ғ.АҲМЕДОВ,
туман ХТБ таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш шўъба мудири.
