Туман марказида жойлашган 5-мактабгача таълим ташкилотида боғча тарбияланувчиларини сифатли овқатлантириш бўйича семинар ўтказилди. Унда туманимиз ҳудудидаги барча МТТлардаги ошпазлар иштирок этишди.
Ошпаз - бу таом тайёрлаш бўйича мутахассис саналади. Яхши ошпазларни сеҳргар деб ҳам юритишади. Чунки улар оддий масаллиқдан инсонларга хурсандчилик ва завқ баҚишлай оладиган дурдона асар ярата оладилар. Ошпазлар махсус рецепт асосида таом тайёрлайдилар, лекин ўзларини дидлари билан санъат даражасида маромига етказиш хусусиятига эга.
-Болалар учун тайёрланадиган таомларнинг сифатли бўлишига катта аҳамият қаратишимиз зарур, - дейди 5-МТТ бош ошпази Шоира Ярбекова таом тайёрлаш жараёнини амалиётда кўрсатиб берар экан. – У, албатта, витамин ва минералларга бой бўлиши керак. Бунинг учун сабзавот ва дуккаклиларга кўпроқ мурожаат қиламиз. Соғлом овқатлантириш СанПиН талаблари доирасида бўлишига аҳамият қаратиш муҳим аҳамиятга эгадир.
-Семинарни ўтказишдан асосий мақсад — болалар учун сифатли ва соғлом овқатланишни таъминлашдир,-деди туман мактабгача таълим ташкилоти бўлим мудири ўринбосари Ш.Сайфуллаева. -Шунингдек, боғчадаги ошпазларнинг иш фаолияти, тарбияланувчиларнинг соғлом овқатланиши, таом тайёрлаш жараёнидаги юқори технологияларга амал қилиш, таом тайёрлаш жараёнида санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилиш бўйича бошқа МТТ ошпазлари ҳам малака ва кўникмага эга бўлишади. Бу эса ўз ўрнида МТМ ошхоналаридаги муаммоларнинг олдини олиши, шубҳасиз.
Д.ҲАСАНОВА.