Туманимиздаги 12-мактабгача таълим муассасасида “Меҳржон байрами” тадбири бўлиб ўтди.
Юртимизда ҳосил байрамини нишонлаш асрлар давомида ўтказилиб келинмоқда. Деҳқончилик тақвими билан боғлиқ ҳолда меҳнаткаш халқ байрамлари қаторидан жой олган.
Тадбирда болажонлар ижросида меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик ҳамда бирдамлик ҳақида саҳна кўринишлари намойиш этилди. Шунингдек, болажонларнинг турли мева ва сабзавот қиёфасидаги образлари, улар тилидан айтилган шеър ва қўшиқлар барчага бирдек хурсандчилик бағишлади.
-Жорий йилги ҳосил байрамига тайёргарлик ҳар йилгидан кечроқ бошланди, - дейди 12-мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Зулфия Ғаниева. –Аммо муассасамизда ушбу тадбирга ўзгача тайёргарлик кўрилди. Сабаби, карантин вақтида болажонлар байрам тадбирларини анча соғинганлигини кўрдик. Улар билан “Меҳржон” байрамига мевалар номидан айтиладиган шеърлар билан бирга “Сахий деҳқон бобо” номли саҳна кўринишини ҳам тайёрладик. Унда болажонлар биз тановвул қиладиган шириндан-шакар мевалар, фойдали сабзавотларни қанчалик машаққат эвазига етиштирилиши, уларнинг фойдали хусусиятлари ҳақида билиб олишди.
Шоира САЙФУЛЛАЕВА,
туман мактабгача таълим бўлим мудири ўринбосари.