“Қийқим” маҳалла фуқаролар йиҚини раиси сайловчилар фаоллигида шаффофлик, очиқлик, холислик тамойиллари асосида юқорида савияда ўтди. Сайлов маҳалла ҳудудида жойлашган 13-умумтаълим мактабида бўлиб ўтди.
– Аввало, раисликка номзодлар маҳалламиздаги мавжуд гузарлардан тегишли қонунчиликка мувофиқ ваколатли қисми орасидан танлаб олинди, – деди “Қийқим” маҳалла фуқаролар йиғини сайловни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи раиси Т.Синдоров. - Ишчи гуруҳи томонидан сайловни ташкил қилиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссиясига икки нафар номзод тавсия қилинди. Сайловга овоз бериш учун барча кўчада, гузарларда яшовчи аҳоли сонига нисбатан деярли 26 фоизи миқдорида, яъни 530 нафар вакилга ишонч билдирилди ва улардан 400 нафардан зиёди сайловда маҳалладошлари хоҳиш-иродасини ифода этди.
Яширин овоз бериш йўли билан бўлиб ўтган сайловда ҳозирги кунда ушбу ушбу маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлаб келаётган Абдурауф Исмоилов 267 овоз билан яна маҳалла раиси этиб сайланди. – Маҳалладошларим яна қайтадан мени раис этиб сайлагани ўтган давр мобайнида биз ўзаро бир-биримизни тушуниб, бир-биримизга елкадош бўлиб ишлаганимизни билдиради, – деди А.Исмоилов. – Улар билдирган бу юксак ишонч мен учун катта масъулиятдир. Бу ишончни оқлаш, маҳалламизни энг фаол, аҳил ва обод маҳаллалардан бирига айлантириш учун бор куч-ғайратимни кўрсатаман.
Янги сайланган раис раҳбарлигида бир ой давомида унинг маслаҳатчилари ва фуқаролар йиғини қошидаги комиссиялар раислари сайланади.
Ҳ.РАСУЛОВ.
