“Майинтепа” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.Равшанова томонидан фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судига А.Равшановдан 24000000 (йигирма тўрт миллион) сўм миқдорида товон пули ундириб беришни сўраб ариза тушади. М.Равшанова судга ариза бериш жараёнида 4616425 сўм миқдорида давлат божи ҳам тўлайди. Суд ушбу аризани қаноатлантириб А.Равшановдан товон пулини ҳамда давлат божини ҳам ундириш тўғрисида ҳукм чиқаради.
Ушбу ҳукмни ижроси Мажбурий ижро бюроси туман бўлими давлат ижрочисига келиб тушади ҳамда ижро иши қўзғатилади.
Ижро иши юритиш тўғрисидаги қарорда қарздорга ижро ҳужжатида кўрсатилган талабларни ихтиёрий равишда бажариш учун 15 кун муддат берилади. Афсуски, бир неча бор огоҳлантирилишга қарамасдан А.Равшанов ижро ҳужжатида кўрсатилган талабларни узрсиз сабабларга кўра бажармайди.
Мажбурий ижро бюроси туман бўлими томонидан вақтида қарздорликни бартараф этмагани ҳамда суд ҳукмини ижро қилмагани учун А.Равшановга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида, яъни 1013650 сўм жарима жазоси қўлланилди.
Ҳа, бепарволик яна қўшимча тўловга сабаб бўлади. Шунинг учун тўловларни ўз вақтида амалга оширсангиз, ҳеч қандай жазо қўлланилмайди.
С.БАХРИНОВ,
Мажбурий ижро бюроси туман бўлими давлат ижрочиси.