Ўзбекнинг урф-одатларидан бири, бу ўғил уйлантирадими, қиз чиқарадими ёки суннат тўйи қиладими, у бутун умр ҳам моддий, ҳам маънавий, ҳам руҳий тайёргарлик кўради. Бу одат наздимизда қонимизга сингиб кетган. Шунга қарамасдан тўй-тўйда. Қийинчиликлари оз эмас. Лекин, афсуски, кейинги йилларда шунақанги дабдабали тўйлар ўтказилаяптики, буни қандай изоҳлашни билмайсан киши.
Турли хил оммавий ахборот воситалари, интернет сайтларида дабдабали тўйларнинг ўтказилиши, йўлларда келин-куёвларнинг қўша-қўша қимматбаҳо автомашиналарда ҳаракат қилиши ва бошқа ҳолатлар тўғрисида таҳлилий материаллар берилмоқда. Баъзан маҳалла фуқаролар йиғини, жамоатчилик вакиллари турли жойларда учрашувлар ўтказиб, дабдабали тўйларнинг олдини олишга ҳаракат қилишмоқда. Лекин бу баъзан вақтинчалик меъёрига тушгандай бўлиб, яна ўша машмаша бошланади. Тўйга юзлаб одамларни чақириш, қўша-қўша машиналар карвони, келиннинг қимматбаҳо европача кийиниши ва ҳоказо.
Данғиллама тўй, қўша-қўша сарполар, юлдузли ресторанлар оила қураётган ёш келин-куёвларга бахт ато этолмаслигини биламизу, барибир молиявий имкониятимиз етса-етмаса тўйбозликка мойиллигимиз сусаймайди. Гарчи, аксарият бахт аввал кўнгил хотиржамлиги, қолаверса, соғлом оила турмуш тарзига боғлиқлигини тушуниб етган бўлсакда, ҳаёт, иқтисодиёт яхшилангани сайин антиқа маросимларни ўйлаб топаётганимиз ҳам бор гапда. Тўйларимиз юртимиздаги фаровонлик, тўкинлик маҳсули эканлигини, лекин уни бўлар-бўлмасга сарфлайвериш керак эмаслигини назарда тутиб, ихчамлаштириш, камхарж, чиройли ва эсда қоларли тарзда ўтказиш ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларимизни баён этишни лозим деб ўйлаймиз.
Муқаддас динимиз барқарор ва бадавлат ҳаёт кечириш учун тежамкор бўлиш ва исрофдан сақланишга буюради. Бунга амал қилган ота-боболаримиз ҳар бир неъматни эъзозлашган, уни исроф қилишмаган, уволидан қўрқишган. Аммо сўнгги пайтларда баъзилар тўй-маърака маросимларида кимўзарлик қилишга, ўзини кўз-кўзлашга ва исрофгарчиликка ўтиб кетяпти. Асли амалларни бажаришда ҳаддан ошиб, савоб эмас, гуноҳ орттириб олишяпти. Бундан бир неча йил аввал тўйларнинг янгича ўтказилишига жуда катта эътибор берилган эди. Лекин назаримда тўйлар ихчам ўтиши кераклиги ҳақида дурустроқ тушунтириш ишлари олиб борилмади. Чунки кейинчалик тўйларимизда дастурхонни ҳаддан ортиқ безаш, ичкиликбозлик, ҳатто санъаткорларни таклиф этишда ҳам “ким ўзар”лик ҳоллари кўпайди. Оқибатда бу ҳам оила бюджетига, ҳам қишлоқ турмуш маданиятини юксалтиришга салбий таъсир кўрсатди. Ҳозир шаҳарда ҳам, қишлоқда ҳам тўйдан илгариги майда удумлар, зиёти ташвишлар “тўйча”ларнинг сони кўпайиб кетди. Илгари қиз чиқариш тўйи фақатгина қизнинг хонадонида бўлар эди. Ҳозир қиз чиқарса ҳам, ўғил уйлантирса ҳам бир хил манзара, тўйхона, ҳофизлар, камида 400-500 одам чақирилади.
Бугун биз тўй маросимларини меъёрида, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда ўтказишимиз, Ўукуматимизнинг бу ҳақдаги қарор ва талабларига амал қилган ҳолда иш тутишимиз лозим бўлади. Тўйларда сарфланадиган ортиқча маблағлар ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқотадиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса айни савобли иш қилинган бўлади.
Қўша-қўша фарзанд ўстириб, келин ва куёвларнинг иззат ва ҳурматида яшаётган азиз ота-оналар, тўйларга бош-қош бўлаётган маҳалла ва ишлаб чиқариш жамоалари, янги оила қураётган бахтиёр ёшлар, келинглар, ҳамма жойда тўйларимизни намунали, замонавий, камчиқим, мазмунли ва эсда қоларли тарзда ўтказишни таъминлаш учун фойдали маслаҳатларимизни берсак, ота-боболаримиздан қолган миллий қадриятларимизнинг қиёфаси, шакли-шамойили давр руҳига мос ўзгаришига фойдаси катта бўлади, деб ўйлаймиз.
Тўйларимизнинг серзавқ, файзли ўтишида санъаткорларимизнинг фаол фуқаролик позицияси намоён бўлиб туриши, улар масъулиятини чуқур ҳис этиши, тўй шунчаки хурсандчилик, тантана, шодиёна бўлиб қолмай, у тарбия воситаси эканини ҳам англашлари керак. Самимийлик, беминнат хизмат қилиш муҳим аҳамият касб этади, албатта.
Тўйлардаги турли кераксиз одатларнинг пайдо бўлиши ва изсиз йўқолиши сиз билан бизнинг онгимизга, виждонимизга боғлиқдир. Кибр ва манманликдан озгина чекинсак, олам - олам гулистон бўлади ҳамда хонадонимизнинг чексиз саодатга етмоғини таъминлаймиз.
Н.УСМОНОВ,
“Миллий тикланиш” демократик партияси туман Кенгаши раиси.
Ҳ.РАСУЛОВ.