Туман мудофаа ишлари бўлими биносига кириб борар эканмиз, муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар билан бўлим бошлиғи Ч.Аҳмедов суҳбат олиб бораётган экан. У киши чақирилувчиларга бугун миллий армиямизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчиларга яратилган шароитлар, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ва ўтаган фуқароларга берилаётган имтиёзлар хусусида сўзлаб берарди. Биз ҳам ҳарбий хизматга чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби ҳақида туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Ч.Аҳмедовни суҳбатга тортдик.
-Бу борада 2019 йил 9 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг "Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 291-сонли қарори қабул қилинган,-деди Ч.Аҳмедов. -Низом асосида чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидаги муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун танлаб олиш тартиби белгиланди. Шунингдек, Низомнинг 1-иловасида белгиланган таркибда туман ҳокимининг қарори билан тузиладиган Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш, улар билан касбий танлов ҳамда якка тартибда суҳбат ўтказиш бўйича кенгашни тузиш тартиби ва 2-иловага мувофиқ чақирилувчиларни танлаб олиш тадбирларининг схемаси белгилаб берилди. Чақирилувчиларни танлаб олиш тадбирларининг схемасида босқичлар, тадбирлар, масъуллар ва муддатлар кўрсатилади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгаши раисининг биринчи ўринбосари - Танлов кенгашига раислик қилади. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудири ўринбосари, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси вакили, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгаши вакили, туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, умумий ўрта таълим муассасаларининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари ва чақирилувчиларнинг ота-оналаридан вакиллар танлов кенгаши аъзолигига киритилади. Танлов кенгаши аъзоларининг иш жойи, лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақлари танловга жалб қилинган вақт мобайнида тўлиқ сақланади.
Туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан чақирилувчиларни танлаб олиш тартибларини ташкил этиш, суҳбат ўтказиш жойлари белгиланади. Ҳарбий хизматга яроқли бўлган чақирилувчилар рўйхати туман мудофаа ишлари бўлими томонидан шакллантирилади. Чақирилувчилар танловда бир йилда фақат бир марта иштирок этиши мумкин. Туман чақирув комиссияси Танлов кенгаши томонидан берилган тавсия асосида чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш ёки муддатли ҳарбий хизматга чақириш ҳақида қарор қабул қилади.
Низом талаблари асосида танлов чақирув йилидан аввалги йилнинг 10 августидан чақирув йилининг 10 февралига қадар ўтказилади. Танлов Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг умумий раҳбарлиги остида ташкил этилади ва амалга оширилади. Танловга чақириш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этиш ҳуқуқига эга бўлмаган, соғлиғининг ҳолати бўйича ҳарбий хизматни ўташга яроқли бўлган фуқаролар туман мудофаа ишлари бўлимига мурожаат қилишлари керак. Танловга фуқаролик паспортлари кўрсатилган ҳолда киритилади.
Танловда чақирилувчиларнинг қайси жиҳатларига эътибор қаратилиши кўпчилик учун қизиқ.
Биринчидан, тегишли нормативларни қабул қилиш орқали умумжисмоний тайёргарлик даражаси кўрилади. Бу жараёнда турникка тортилиш, 100 ва 3000 метрга югуриш баҳоланади. Турникка 12 маротабадан кўп тортилса аъло, 7 маротабагача тортилса қониқарсиз, 100 метрга 14 сонияда югуриб борса аъло, 15,1 сониядан ошиқ вақтда югуриб борса қониқарсиз, 3000 метрга 12,40 дақиқа ичида югуриб борса аъло, 14 дақиқадан ошиқ вақтда югуриб борса қониқарсиз ва тегишли тартибда яхши, қониқарли баҳоларни олади. Битта қониқарсиз баҳо олган чақирилувчи умумжисмоний тайёргарлик нормативларини топшира олмаган ҳисобланади, нормативларни такроран топширишга рухсат берилмайди. Баҳолар қайдномаси Танлов кенгаши аъзолари ҳамда чақирилувчи томонидан имзоланади. Умумжисмоний тайёргарлик нормативларини топширмаган чақирилувчилар касбий танлов тадбирларига қўйилмайди.
Иккинчидан, компьютердан фойдаланган ҳолда бериладиган саволларга тўғри жавобларни белгилаш йўли билан ўтказиладиган касбий танлов 25 нафар чақирилувчига мўлжалланган компьютер хоналарида ўтказилади. Саволлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тузилиб, компьютерга жойлаштирилади. Саволларнинг сони 60 тани ташкил қилиб, уларга жавоб бериш учун 1 соат 30 дақиқа вақт берилади. Касбий танлов бошланганда, хонада фақат танлов кенгаши аъзолари бўлиши мумкин.
Касбий танлов ўтказиладиган хонага китоблар ва уяли телефонлар олиб кириш мумкин эмас. Савол-жавобларнинг якуний баҳоси автоматик тарзда компьютер мониторида кўринади. Ота-оналар ҳам бу жараённи кузатиб бориши мумкин. 56-60 та саволга тўғри жавоб учун аъло, 51-55 та саволга тўғри жавоб учун яхши, 46-50 та саволга тўғри жавоб учун қониқарли ва 45 та ҳамда ундан кам саволга тўғри жавоб учун қониқарсиз баҳо қўйилади. Баҳолар қайдномада расмийлаштирилиб, Танлов кенгаши аъзолари ва чақирилувчилар томонидан имзоланади. Касбий танловни такрорий топширишга ҳамда қониқарсиз баҳо олганлар якка тартибда ўтказиладиган суҳбатга қўйилмайди.
Учинчидан, якка тартибда суҳбат ўтказиш хонаси видеокузатув камералари билан жиҳозланган хонада ўтказилади. Бу билан суҳбат жараёнининг шаффофлиги ва очиқлиги таъминланади. Якка тартибда суҳбат ўтказиш – Ўзбекистон тарихи, Амир Темур (тузуклари) ва бошқа улуғ аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолиятига оид билимларни аниқлаш орқали амалга оширилади. Суҳбат коллегиал принцип бўйича Танлов кенгаши томонидан ўтказилади.
Мудофаа ишлари бўлимимизда чақирилувчилар ва ота-оналар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Шифокорлар хонаси замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган. Барча хоналарга кузатув камералари ўрнатилган. Умуман айтганда, чақирув ишларини сифатли амалга ошириш учун барча имконият мавжуд.
Чақирилувчилар билан суҳбат ўтказиладиган хонага кирдик. Бу ерда Танлов кенгаши аъзолари суҳбат жараёнида чақирилувчининг ҳарбий хизматга боришдан мақсади, етакчилик фазилатлари, ақлий қобилияти ва бошқа хусусиятларига аниқлик киритмоқдалар. Суҳбат якунида Танлов кенгаши аъзолари томонидан қабул қилинган қарорга мувофиқ тавсия расмийлаштирилмоқда. Ушбу тавсия Танлов кенгаши аъзолари томонидан имзоланиб, чақирилувчи томонидан ҳам танишганлиги тўғрисида имзо қўйдирилиб борилмоқда.
Чақирилувчилар орасида “Жўш ота” маҳалла фуқаролар йиғинидан келган Ҳасан ва Ҳусан Мамаражабовлар эътиборимни жалб этди. Уларни суҳбатга тортдим:
- – Ватанни ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз ҳисобланади, – деди Ҳасан Мамаражабов. –Армияда аскарлар учун яратилган шарт-шароитлар, берилаётган имтиёзлардан матбуот, шунингдек, мудофаа ишлари бўлими ва маҳаллаларда ташкиллаштирилаётган чақирувга оид тадбирлар, суҳбатлар, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитлар билан ўтказилаётган учрашувларда кўпгина маълумотларга эга бўляпмиз. Мен ҳам муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаб, келажакда ҳаётимни шарафли касб билан боғламоқчиман.
Ҳа, шу кунларда туман мудофаа ишлари бўлимида бўлган киши ёшларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш ишлари кенг кўламда амалга оширилаётганига гувоҳ бўлади. Ишончимиз комилки, ўз олдига эзгу мақсадларни қўйган бугунги чақирилувчилар ҳам мустақил юртимиз тинчлигини шараф билан ҳимоя қилиб, аскарлик бурчларини ёруғ юз ила ўтайдилар.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.